Наманган вилоятида ҳокимларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилари ҳамда вилоятдаги туман ва шаҳар ҳокимларининг ахборот хизматлари раҳбарларига хизмат автомобиллари топширилди. Бу ҳақда Дарё нашри хабар қилди.
Маълум бўлишича, маслаҳатчиларга Нексия-3, матбуотчиларга эса Спарк автомобиллари топширилган. Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов мазкур икки тизимда ишловчиларнинг олдига катта вазифалар қўйилганини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, маслаҳатчиларга аёллар дафтарини тузиш ва ахборот хизмати раҳбарларига эса ўз ҳудудларида содир бўлаётган воқеаларни тезкорлик билан ёритиш ва журналист ҳамда блогерлар билан узвий алоқаларни ўрнатиш кераклигини таъкидлади.
Аввалроқ ушбу ташаббус тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлган эди. “Машиналар яна давлат бюджетидан ажратиладими?”, “уларга машиналар берилиши керакми ўзи?” каби саволлар ўртага ташланган эди.