Бугун пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналистлар билан учрашди. Учрашув давомида Тошкент ҳокими “Дарё” нашри журналистининг саволига жавоб берди. Журналист ҳокимдан пойтахтда аниқланган ноқонуний қурилишлар сони ҳақида сўради.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, бугунги кунда 35 та шундай ҳолат аниқланган. Ортиқхўжаев агар журналистлар ноқонуний қурилишларни аниқлашда ёрдам берса ҳокимият бундан фақат хурсанд бўлишини билдирди. Учрашувда ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганилиши маълум қилинди.
Таъкидлаш жоиз, Тошкентда сўнгги вақтларда янги уйлар ва иморатлар қурилиши билан боғлиқ ҳолатларда кўплаб можаролар юзага келмоқда. Аввалроқ ОАВда аҳолининг уйлари бузилиши ва қурувчилар билан можаролар ҳақида бир нечта маълумотлар тарқалган эди.