Бош прокуратура UzAuto Motors’га нисбатан жиноий иш қўзғашни рад этди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев маълум қилди.
Депутатнинг хабар қилишича, бир гуруҳ депутатлар (Р.Кушербаев, Д.Ғаниев, Н.Жумаев, Б.Эшмурзаев, З.Жалолов, А.Темиров) UzAuto Motors фаолияти билан боғлиқ ҳолат юзасидан текширув ўтказишни сўраб, депутатлик сўрови юборган. Депутатлар сўровда компания фаолиятида қонунчилик бузилиш ҳолатлари кузатилаётганини, истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилаётганини маълум қилишган. Шундан келиб чиқиб, улар ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини ва жиноят аломатлари бор ёки йўқлигини айтишларини сўраб, Бош прокурор номига депутатлик сўрови юборган.
Кушербаев Бош прокурор номига сўров 21 августда юборилган бўлса унга жавоб 4 ноябрда келганини маълум қилди. Шунингдек, жавоб хатига Бош прокурор ўринбосари имзоси туширилгани хабар қилинди. Жавоб хатида компания фаолиятида қонун бузилиш ҳолатлари йўқлиги маълум қилиниб, жиноий иш қўзғатиш рад этилган.
Шу ўринда депутат қонунда депутатнинг сўровига 10 кун ичида жавоб берилиши кераклигини, хат кимга ёзилган бўлса ўша мансабдаги шахс жавоб қайтариши кераклигини эслатиб ўтган. Шу билан бирга, агар мансабдор депутат ёки сенаторнинг сўровига ҳеч бир узрли сабабларсиз кечиктириб жавоб берса, БҲМнинг 3 бараваридан 7 бараваригача жарима тўлаши кераклигини эслатиб ўтган.