Ўзбекистонда божхона пости раҳбарининг “Дача”си, “Tashkent city”да 2 та уйи ва Каптиваси борлиги аниқланиб, уйидан 311 минг доллар нақд пул топилди. Бу ҳақда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бугун бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилган.
Бош прокурор ўз нутқида ҳуқуқ тартибот органларида ишлаётган ходимлар орасидаги коррупцион ҳолатларга ҳам тўхталиб ўтган. Хусусан, Йўлдошев «Арк булоқ» божхона пости собиқ раҳбари томонидан амалга оширилган қинғир ишлар ҳақида гапирган. Бошлиқ ўз шекиклари билан бирга мамлакатимизга олиб кирилаётган айрим импорт маҳсулотларнинг қийматини пасайтириб кўрсатиб, давлатга 9 млрд сўм зарар етказган. Кейинчалик унинг ушбу ишлари фош бўлиб, қўлга олинган. Тергов давомида эса унинг уйидан пора сифатида олинган нақд пул кўринишидаги 311 минг доллар топилган.
Шунингдек, собиқ раҳбар жиноий йўл билан топган пулига Бўстонлиқ туманидан дала ҳовли, “Tashkent city”дан иккита уй ва битта нотурар жой ва Каптива олгани маълум бўлган. Ҳозирда собиқ раҳбар ва унинг шериклари суд қилинмоқда.