Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ишга пиёда боргани ҳақида гапирди.
Вазир ушбу ишни президент томонидан берилган топшириқ юзасидан қилганини айтди. Эслатиб ўтамиз, президент йиғилишда раҳбарларга соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда шахсий намуна бўлиш кераклигини айтган.
Шерматов якшанба куни пешиндан сўнг Хоразмдан қайтгач ишга пиёда боришни текшириб кўрган. Вазир уйидан ишхонасигача 9 км масофа чиқишини маълум қилиб, шунча йўлни пиёда босиб ўтганини айтди. Шерматов оёғи сал оғриган бўлсада эртаси куни яна яёв юргиси келганини, ўзини тетик ҳис қилганини таъкидлади.
Шунингдек, вазир ишхонаси янги бинога кўчиб ўтгандан бери 8-қаватга лифтдан фойдаланган ҳолда эмас, балки зиналар орқали чиқаётганини билдирди. Шерматов унинг ушбу ҳаракатини кўрган ходимлар ҳам лифтдан воз кечиб, зинадан чиқаётганини айтиб ўтди.