«Сўх воқеалари»да айбланган шахслар устидан суд жараёни бошлангани маълум қилинди. Бу ҳақда Дарё нашри хабар қилди.
Маълум бўлишича, ушбу воқеада 22 нафар фуқаро айбланмоқда. Улар орасида икки нафар вояга етмаган шахслар ҳам борлиги айтилмоқда. Суд ўз ишини 10 ноябрь соат 15:00 да бошлаган. Манба суд аслида 10:00 да бошланиши керак бўлганини, лекин у айтилган вақтдан анча ўтиб бошланганини билдирмоқда. Кеча бошланган суд ўз ишини 16 ноябрь куни соат 10:00 да давом эттириши маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 31 май куни Сўх тумани Чашма қишлоғида қўшни давлат фуқаролари билан сув масаласида можаро юзага келган эди. Ушбу можарода айбланаётган 22 нафар фуқарога нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш) ва 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) билан айблов эълон қилинган.