Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Дилбар Усмонова Ўзбекистоннинг ҳар бир туманида замонавий типдаги ёпиқ сув ҳавзаси барпо этишни таклиф этди.
“Халқимизнинг боши омон бўлса, ҳеч қачон дард кўрмаса, фарзандларимиз соғлом ўсса, унса, доимо бақувват, баҳодир, паҳлавон бўлса, албатта, юртимиз эртаси нурафшон ва фаровон бўлади. Шу маънода айтиш жоизки, Президентимизнинг "Соғлом турмуш тарзини татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони халқимиз саломатлиги учун қилинаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунаси бўлди.
Мазкур фармон асосида “Соғлом турмуш тарзи” платформасининг жорий этилиши аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантиришда муҳим қадам бўлишига шак-шубҳа йўқ. Унда юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини оммавийлаштириш ва ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш белгиланган. Бу спорт турлари инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, одам организмидаги турли касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Шу асосда мен ҳам қуйидаги таклифларимни билдириб ўтмоқчиман:
Болаларда ва катталарда ўпка, юрак қон-томир, бел, умуртқа, бўғимлар, ортиқча вазн ва бошқа касалликларининг олдини олишда сув спорти билан машғул бўлишнинг аҳамияти жуда катта. Сузиш бу жисмоний чиниқишнинг энг юксак намунаси ҳисобланади. Сузиш ҳам жисмоний, ҳам психологик саломатликнинг гаровидир. Айниқса, чалқанча усулда сузиш ортиқча вазнни камайтириш, энергияни меъёрлаштиришда яхши самара беради. Шунингдек, мунтазам сув спорти билан шуғулланиш юрак уриш пульсини меъёрлаштириш билан бирга, қадди қотматни тик тутишга, мушакларни ривожлантиришга ёрдам беради. Шуни инобатга олиб, мамлакатимиздаги барча туманларда давлат бюджети ҳисобидан замонавий типдаги ёпиқ сув иншооти барпо қилиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман.
Аҳолининг сув иншоотларидан арзон ва имтиёзли фойдаланишлари учун ҳам бу иншоотларни давлат ҳисобидан бунёд этиш лозим. Бундан ташқари ана шундай замонавий кўринишдаги ёпиқ сув иншоотларини хусусий тадбиркорлар томонидан ҳам барпо этилишига имконият яратиш керак. Бу эса сув спорти бассейнларидан фойдаланишда рақобатни вужудга келтиради. Соғлом рақобат бор жойда эса албатта, ривожланиш ва муваффақият бўлади”, – дейди қуйи палата депутати.