Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 12 ноябрь куни Қарши шаҳрида вилоятлик ўқитувчи ва мураббийлар, тиббиёт ходимлари билан учрашиб, суҳбатлашди.
Суҳбат давомида соҳа вакилларига тиббиёт ва таълим соҳасини янада ривожлантириш кераклиги таъкидланди. Президент мазкур икки соҳани ривожлантирмай туриб, рақобатбардош давлат бўла олмаслигимизни айтди. “Келажакни соғлом миллат, билимли авлод қуради”, деди Шавкат Мирзиёев.
Президент улар билан суҳбат давомида вилоятдамактаблар аҳволи ҳам, тиббий хизмат сифати ҳам қониқарсиз эканини таъкидлади. Шунингдек, ота-оналар таълим тизимидан норози экани, аксарият аҳоли турмуш тарзи, овқатланиш рациони тўғри эмаслиги таъкидланди. Шу сабабга кўра ушбу йўналишда ислоҳотларни янада жадаллаштириш кераклиги айтилди.
Президент янги тизимда педагоглар ва тиббиёт ходимлардан нималар кутаётганини айтиб, уларнинг таклифларини тинглади ва қўллаб-қувватлади.
Таълимдаги ишлар ҳам, тиббиётдаги ҳам игна билан қудуқ қазишдек гап, натижаси тез кўринмайди. Бунинг учун машаққатли меҳнат, катта фидойилик керак. Бошланган ислоҳотларнинг амалга ошиши, халқимизнинг рози бўлиши шунга боғлиқ. Бу йўлда сизларга ишонаман, суянаман, - деди Президент.