Президентнинг Қашқадарёга ташрифи давомида вилоят ҳокими ўринбосари ишдан олинди. Бу ҳақда Дарё нашри хабар қилди.
Маълум бўлишича, Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ойбек Шазагатов ишидан қониқмаган ва шу сабабга кўра Шазагатов лавозимидан бўшатилган.
Шунингдек, Мирзиёев Касби тумани ҳокими Тўхтамурод Мейлиев ва учта сектор раҳбари фаолиятидан ҳам қониқмаган. Президент туман ҳокимининг тадбиркорлар билан ишлаш услубини танқид қилган. Мирзиёев тадбиркорлар билан ҳафтада бир марта эмас, балки уч кунлаб мулоқот қилиш кераклигини айтган. Президент туман раҳбарларини ишдан олганини, лекин масъуллар уларга кафил бўлса, уларни лавозимда қолдиришга рухсат берган.