Тармоқларда Андижон вилояти ҳокимининг овози экани айтилаётган яна бир аудио тарқалди. Шуҳрат Абдураҳмоновнинг бу сафарги “ўлжаси” тадбиркорлар бўлди.
Аудиода ҳоким Савдо саноат палатаси раҳбари Адҳам Икромов ва вилоятдаги тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашув ҳақида гапирган.
“Кечагина тадбирокрларни тўплаб шу бўйича йиғилиш бўлди. Тошкентдан Адҳам Илҳомович (ССП раҳбари – таҳр.) келган ва у билан биргалашиб йиғилиш ўтказдик. У (Адҳам Икромов) “ундай бўлади, бундай бўлади, ишинглар бўлса бунга мурожаат қиласизлар, мана рақам – 1100, қўнғироқ қилинглар” деб тушинтиряпти. У “борми мурожаатлар” деса учтаси қўл кўтаряпти. Кейин меники қўзиб кетдида “тур ўрнингдан” дедим. “Нима бўлди?” десам “ҳа энди” деб қўйди. У тушинмай қўл кўтариб юборибди. Айт дедим, айтасан дедим, Андижон шаҳарлик шакал. У беркитди. У билмай қўл кўтарди ёки ҳақиқатда нимадир бор”, – дейди ҳоким.
Аудио давомида Абдураҳмонов ўша “билмай қўл кўтариб юборган” тадбиркорни огоҳлантириб қўйганини ҳам маълум қилган.
“Эшитиб ол дедим. Ҳаммаси бош вазирга боргани билан менга келади дедим. У тараф орқали келса кетинга тепаман дедим. Ёки қизияптими дедим. У “йўқ, билмай қўлимни кўтариб юборибман” деди. У қабулхонага (катта эҳтимол билан бош вазир қабулхонаси ҳақида гап кетяпти – таҳр.) ҳам мен қўйдим одамни. Ўша гапирган сассиқ гапинг билан ҳеч нарса ўзгариб қолмайдику. Виждонинг бўлса гапир. Сенларни одам туққанми ёки ит туққанми. Э семирмай ўл, тўнғиз”, – дейди ҳоким.
Ушбу аудио қачон ёзиб олингани ва учрашув қаерда бўлгани ҳозирча маълум эмас. Вилоят ҳокимлиги бунга ҳали изоҳ бермади.