Наманган вилоятида янги ташкил этилган туманга ҳоким, прокурор, ИИБ бошлиғи тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Маълум бўлишича, Давлатобод тумани кенгашининг навбатдан ташқари биринчи сессияси бўлиб ўтган. Унда депутатлар, фаоллар, ОАВ вакиллари ва вилоят ҳокими иштирок этган. Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилган. Унга кўра, туманга шу пайтгача Наманган вилояти ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари котибияти мудири лавозимида ишлаб келаётган Анваржон Абдувоҳидович Тожимирзаев ҳоким этиб тайинланган. Шунингдек, туманга прокурор этиб Муҳаммадали Қирғизбоев, туман ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига Умид Бойхонов тайинланган.
Маълумот ўрнида, Давлатобод тумани шу йил 11 сентябрь куни Сенатнинг тегишли қарорига мувофиқ Наманган шаҳри таркибида ташкил этилди. Эътиборли жиҳати, ушбу туман аввал 1977 йилда ташкил этилиб, 2003 йилда тугатилган ва шаҳар таркибига киритлган. Орадан 17 йил ўтиб ушбу туман 4 минг 686 гектар майдонда қайта ташкил этади. Аҳоли сони 150 мингга яқин.