Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи давомида вилоятдаги сув билан боғлиқ ҳолатни кескин танқид қилди. Бу ҳақда Дарё нашри хабар қилди.
Маълум бўлишича, вилоятда бугунги кунда 20-25 фоиз кўп сув ишлатилган. Бунга сувнинг ҳисоби йўқлиги сабаб қилиб кўрсатилди. Президент мамлакатимиз шароитида энг қиммат нарса сув бўлишига қарамай, ушбу соҳага жавоб берувчилар маъсулият билан ёндашмаётганини танқид қилди ва Сув хўжалиги вазирига мурожаат қилди.
“Юрибсан бу ноинсофлар билан сув хўжалигига катта-катта бинолар қуриб. Умринг узоқ бўлмайди агар Қашқадарёда Қорақалпоғистонда айтган нарсанг бўлмаса. Менга қоровул бўладиган вазир керак эмас”, — деди президент.
Шундан сўнг давлат раҳбари вазирга юзланиб, вилоятда сувга жавоб берувчиларнинг ҳаммасини ишдан олиш бўйича буйруқ берди.
“Эски ишламайдиган одамларни сувга раҳбар қилиб қўйиб, ура-ура қилиб юрсанг, сениям ҳайдавораман, уларниям. Менга керак эмас бунақа раҳбарлар”, – деди давлат раҳбари.
Президент уларни ишдан олиб ёш кадрларни олиб келишини айтди.
“Ҳамманг катта-катта ойлик олиб юрибсан, аммо натижа йўқ. Эртага халққа нима деб жавоб берамиз. Ҳаммасини ишдан оласан, жаноб Ҳамраев, ҳаммасини. Ишлайман деган одамни қўясан сувга”, – дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари бош вазирнинг аграр масалалар бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев фаолиятини ҳам танқид қилган. Президент унга агар Қорақалпоғистонда амалга оширилган иш вилоятда ҳам қилинмаса Ғаниевга нисбатан ҳам чора кўришини айтган.