Ижтимоий тармоқларда меҳнат вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов фуқаролар билан қўпол оҳангда гаплашган видеоси тарқалди. Вазир ўринбосари миграция компаниясининг ноқонуний фаолиятидан жабрланганлар билан учрашган.
Учрашувда фуқаролар вазир ўринбосарига уларнинг пулини қайтариш бўйича саволлар берган. Умрзоқов фуқаролар ўз пулларини қайтариб олишини айтган. Вазир ўринбосари шунингдек, пуллар инфлацияни ҳисобга олган ҳолда қайтарилишни билдирган.
Жабрланувчилар компания директорига хорижий валютада алоҳида пул берганини айтганда вазир ўринбосари уларни пора берганликда айблади ва бу пуллар қайтарилмаслигини билдирди. Мансабдор жабрланувчилар билан суҳбат давомида улар саводсизлиги сабаб алданиб қолганини маълум қилди.
Вазир ўринбосарининг қўпол оҳангда сўзлашгани ва уларга айбловларни қўйиб ташлагани тармоқ фойдаланувчилари томонидан кескин танқид қилинди. Шунингдек, тармоқ фойдаланувчилари фуқаролар миграция компанияси томонидан алданганида вазирлик айби борлигини ҳам таъкидлади.