Хабар қилганимиздек давлат раҳбари бугун пойтахтда металлургия заводи очилишида иштирок этди.
Маросимдан аввал давлат раҳбари Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров билан музокаралар олиб борди. Ушбу музокарада Шавкат Мирзиёев Россия вакили билан «ТАПОиЧ» самолётсозлик заводи ҳақида гаплашган. Давлат раҳбари ушбу музокарада кўтарилган мавзулардан бири ҳақида гапирди.
“Дунёда самолётлар ишлаб чиқарадиган саноқли давлатлар бўлган. Афсуски, биз уни ўз қўлларимиз билан йўқ қилдик. Аммо биз уни тиклаш учун ҳали ҳам кўп ишларни амалга оширамиз”, – дейди Шавкат Мирзиёев.
«Бизда авиасозлар, ‘ТАПОиЧ’ бор эди. Уларнинг барчаси тарихда қолди, энди улар йўқ. Қандай муҳандислар, қандай ёшлар ишлаганди», — дея куйинган Президент.
Маълумот ўрнида, пойтахтдаги собиқ «ТАПОиЧ» заводида сўнгги бор 2012 йилда самолёт ишлаб чиқарилган. Ҳозир ўша ҳудудда Тошкент механика заводи иш бошлаган.