Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари томонидан жиноят содир этилиши ҳолати мактабларда озиқ-овқатнинг йўқлиги сабаб кўпаймоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров шундай фикрни ўртага ташлади.
Мавжуд маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2020 йилда давлат бюджетидан мактабларни таъмирлаш ва қуриш учун 1,5 трлн сўм ажратилган. Қодировнинг сўзларига кўра, шунча маблағ ажратилганига қарамай мамлакатимиздаги 3000дан ортиқ мактабларда ошхона йўқ, 60 фоиз мактабларда эса шароитлар аввал ўрнатилган нормаларга тўғри келмайди.
Қодиров мактаб ўқувчилари орасида жиноят мактабларда болалар овқатлана олмаётгани сабабли кўпаяётганини таъкидлади. Спикер ўринбосари қўшни давлатларда ҳукумат мактабларда овқатларни бепул қилиш ҳақида ўйлаётган бир вақтда бизда мактабларда ошхона қуришни ўйлагаётгани ачинарли ҳолат эканини айтди.