Ўзбекистонда биринчи хусусий банкка асос солган Рустам Усмонов (халқ орасида Рустамбанк номи билан танилган – таҳр.) Олий суд раисига видеомурожаат йўллади. Усмонов ўзининг тўлиқ оқланишини ва унга нисбатан қўзғатилган жиноий ишни ноҳақ деб топишни талаб қилмоқда (банкир 1996 йилда судланган – таҳр.).
Банк асосчисининг айтишича, у 2020 йилнинг 8 декабридан буён очлик эълон қилган. Усмонов бир неча марта Олий судга мурожаат қилганини айтган. Лекин ҳозирча унинг мурожаатлари рад этилмоқда.
Усмонов видеомурожаатда унинг ишини кўриб чиққан судья суд протоколини имзоламаганини айтмоқда. Бундан ташқари, банк асосчисига суд якунига кўра сўнгги сўз берилмаган. Ушбу қоидабузарлик ҳолати суд жараёни адолатли ўтмаганидан далолат бериши таъкидланди. Рустамбанк агар у очликдан ўлса бунга унинг мурожаатини рад этаётган Олий суд раиси айбдор бўлишини айтди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Рустам Усмонов 1992 йилда Ўзбекистондаги илк хусусий банк – «Рустамбанк»га асос солган. Қатор ОАВ томонидан келтирилган маълумотга кўра ушбу банк ўз даврида жуда машҳур бўлган ва фаолиятини самарали олиб борган. Лекин кейинчалик банк ёпилган, унинг раҳбари эса қамалган. Усмонов панжара ортида умрининг 19 йилини ўтказган. 2017 йилга келибгина у қамоқхонадан чиқарилган. У озод этилганига қарамай, Усмонов унга нисбатан қўзғатилган жиноий ишни ноҳақ ва уюштирилган деб топилишини истамоқда.