Коронавируснинг янги тури аниқланаётгани учун Ўзбекистон айрим давлатлар билан авиарейсларни тўхтатди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, бу бўйича махсус комиссиянинг қарори қабул қилинган. Эндиликда коронавируснинг янги тури аниқланаётгани учун Ўзбекистон Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари билан халқаро авиарейсларни 21 декабрдан 2021 йил 10 январгача тўхтатди. Аниқланишича, айнан ушбу давлатларда коронавируснинг янги тури шиддат билан тарқалмоқда.
Шунингдек, юқорида қайд этилган давлатларнинг доимий фуқаролари ҳамда сўнгги 14 кун ичида ўша ерда бўлган учинчи давлат фуқаролари ҳам чеклов даври давомида мамлакатимизга киритилмаслиги таъкидланди. Шу билан бирга, ушбу давлатларда сўнгги 14 кун ичида бўлган, лекин учинчи давлат орқали мамлакатимизга кириб келаётган шахслар 14 кун карантинга олиниши, ёки тегишли меҳмонхонада карантинга олиниши белгилаб қўйилди.
Жорий этилаётган чекловлар ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазиятнинг яхшиланишидан келиб чиқиб босқичма-босқич бекор қилиниши маълум қилинди.