Шавкат Мирзиёев форумда нутқ сўзлаб, ёшлар билан очиқ мулоқот қилди. Кун нашрининг маълум қилишича, тадбир қизиқарли воқеаларга бой бўлган. Ана шундай ҳолатларда бири Навоий вилоятидан видеоалоқа тарзида уланган ёшлар билан содир бўлди. Президент сўзга чиқаётган ёшлардан бирини тўхтатиб, орқа қаторда қўл кўтарган йигитни сўзга чиқишга таклиф қилди.
“Ҳу ўша, орқадан қўл кўтарган йигит сўзга чиқсин. Тайёрланмаганга ўхшайди”, – деди давлатимиз раҳбари.
Ҳаёжонланиб сўзга чиққан нуроталик йигит унинг ҳудудида тарихий жойлар кўп бўлишига қарамай тарихий фильмлар камлигини айтди.
“Ҳалигача 40–50 йил аввал олинган фильмларни томоша қиламиз. Таклифим, тарихий сериал олинса ва мен шунда бир рол ижро этсам", – дея таклиф билдирди йигит.
Президент унга жавобан таклифи қабул қилинганини айтиб, йигитга албатта рол берилишини мутасаддиларга тайинлади.