Маълум бўлишича, Сергели тумани Қипчоқ кўчасида қурилган ушбу кўприк 8 қаторли бўлиб, темир йўл устида 722 метр узунликда ташкил этилди. Ушбу кўчада “Тошкент-Ангрен” темир йўли билан кесишган бўлиб, унинг торлиги сабабли автомобиллар ҳаракатига қийинчилик туғдирарди. Президент Шавкат Мирзиёев бугун янги қурилган кўприкни кўздан кечирди.
“Пандемия бошланганда биз ундан кучли, қудратли бўлиб чиқамиз деб мақсад қўйган эдик. Ҳаммамиз кўряпмиз дунёда нималар бўлаётганини. Бошқа мамлакатларда қурилишлар тўхтаб қолган ҳолатлар ҳам бўлди. Халқимиз тартиб-интизом, бирдамлик билан барча режаларини рўёбга чиқармоқда. Биз ҳамжиҳатликда кўп нарсаларга қодирмиз», – деди президент тошкентлик фаоллар билан суҳбатда.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ушбу янги йўлдан соатига 12 мингтагача автотранспорт воситалари ҳаратлана олади. Асосий жиҳати шундаки, у пойтахтимиздаги иккита йирик кўча – Янги Сергели айланма йўли билан Тошкент халқа йўлини боғлайди. Бу ҳайдовчилар учун анча қулайлик яратади, минглаб транспорт воситалари оқимини ўзига олиб, бошқа кўчалардаги тирбандликни камайтиради.