Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 10 январь куни мамлакатимиз тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ушбу масала муҳокама қилинар экан, кейинги вақтда ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кўпайиб кетаётгани кескин танқид қилинди.
Бунинг асосий сабаби – иситиш жиҳозларининг созлигини техник кўрикдан ўтказиш ва таъмирлаш етарли даражада назорат қилинмаяпти. Бу билан нодавлат ташкилот ҳисобланган Ўзбекистон ёнғинга қарши курашиш жамияти шуғулланяпти.
Бош прокуратура ва Адлия вазирлигига ушбу жамият фаолиятини ялпи текширишдан ўтказиш ва соҳани такомиллаштириш бўйича таклиф киритиш вазифаси қўйилди. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Қурилиш вазирлигига иситиш жиҳозлари, мўри ва бошқа ускуналарнинг техник ҳолатига масъул давлат идорасини белгилаш, газ ва кўмир асосида иситишга мўлжалланган бино-иношоотларни ис газини ўлчаш ускуналари билан жиҳозлаш бўйича техник регламент ишлаб чиқиш юклатилди.