Бугун, 30 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси томонидан брифинг ўтказилди.
Унда фракциянинг 2020 йилдаги фаолияти юзасидан матбуот ва ОАВ ходимларига ахборот берилди.
Брифингни O‘zLiDeP фракцияси раҳбарининг ўринбосари Шуҳрат Бафаев кириш сўзи билан очиб, фракция фаолияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, O‘zLiDeP фракцияси 2020 йилдаги фаолиятини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва фракциянинг иш режалари, дастурларида белгиланган муҳим вазифалардан келиб чиққан ҳолда амалга оширди. Хусусан, ҳисобот даврида фракция томонидан 71 та йиғилиш ўтказилиб, унда 360 та масала муҳокама қилинди.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ,
2020 йил давомида фракция аъзолари 8 та қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилишида фаол иштирок этди.
“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини янги 651-моддаси билан тўлдириш ва унда томорқа ер участкаси эгалари ўзларининг таклифига асосан белгиланган қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ҳақида расман огоҳлантиришга қарамай томорқа ер участкасидан асоссиз равишда оқилона фойдаланмаганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги ва “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунларга ўзгартишлар киритилиши кўзда тутилган. Мазкур қонунларга ўзгартишлар киритилиши парламент ваколатларини кенгайтириш, ҳуқуқий ҳужжатларнинг самарали ижросини таъминлашда унинг роли ва мавқеини оширади.
Маълумки, Қонунчилик палатаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси масалалари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан парламент сўрови юбориш ҳуқуқига эга.
Шу жиҳатдан, ҳисобот даврида O‘zLiDeP фракцияси ташаббуси билан 3 та яъни, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Норқобилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.Ғаниев ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Шариповга парламент сўрови юборилди.
Парламент назорати объектлари кенгайтирилиши, парламент назоратининг янги шакли – “Ҳукумат соати” институтининг жорий этилгани муносабати билан парламент эшитувлари доирасида ҳукумат аъзоларининг, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини тизимли равишда муҳокама қилишнинг мукаммал ҳуқуқий асоси яратилди. Бу ўз навбатида, жамият ҳаётидаги мавжуд долзарб муаммо ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан парламент ва депутатлар назоратини амалга ошириш имкониятини кенгайтирди.
Шундан келиб чиқиб 2020 йил давомида O‘zLiDeP фракцияси ҳамда фракция аъзолари раҳбарлик қилаётган қўмиталар масъуллигида 3 марта “Ҳукумат соати” ўтказилиб, қатор вазирлик раҳбарларининг ахбороти эшитилди. Қолаверса, фракция томонидан яна 3 та “Ҳукумат соати”ни ўтказиш бўйича тегишли ташкилий ишлар амалга оширилиб, Қонунчилик палатаси Кенгашига киритилди.
O‘zLiDeP фракцияси аъзолари парламент назоратининг бошқа шаклларидан ҳам самарали фойдаланишди. Бу даврда фракция аъзолари масъуллигидаги қўмиталар билан ҳамкорликда 20 та вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари фракция йиғилишларида эшитилди.
Ҳисобот даврида O‘zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига жами 226 та депутат сўрови юборилиб, шундан, 196 тасига тегишли тартибда жавоблар олинди. Яна 20 тасининг жавоб бериш муддати етиб келмаган. Лекин айрим депутат сўровларига ўз вақтида жавоб берилмаган ҳолатлар ҳам бўлди. Шу боис, юборилган депутат сўровларининг ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш борасидаги ишлар фракция томонидан жиддий назоратга олинди.
Ҳисобот даврида O‘zLiDeP фракцияси қабулхонасига ва фракция аъзоларига жисмоний ва юридик шахслардан ёзма, оғзаки, электрон, шунингдек, сайловчилар билан учрашувлар давомида жами 11 200 га яқин мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 8000 га яқин мурожаатлар ижобий ҳал этилди.
Бунда, мурожаатларнинг асосий қисми Қонунчилик палатасининг ваколат доирасига кирмайдиган масалалар бўлганлиги сабабли, уларнинг мазмунидан келиб чиқиб, тааллуқлигича тегишли давлат органларига юборилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси раҳбарияти ва депутатларининг 2020 йил учун жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган жадвалга мувофиқ, O‘zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш хонаси (фуқаролар қабулхонаси)да жами 2520 дан зиёд фуқаро қабул қилинди. Уларнинг мурожаатлари белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш (регистрация) учун Қонунчилик палатасининг тегишли бўлимига топширилди.
Фуқароларни қабул қилиш жараёнида улар томонидан суд қарорлари ва суд ҳукмидан норозилиги, тадбиркорлик ва фермер хўжалиги фаолиятини олиб боришда юзага келган муаммолар ва шу каби бошқа ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалалар юзасидан мурожаатлар бўлди, шунингдек уларга хусусий тадбиркорлик ва фермерлик соҳасидаги фаолият бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам берилди.
Брифинг давомида фракция фаолиятини ОАВда ёритилиши ҳақида сўз юритилиб, амалга оширилаётган ишларни, хусусан қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳияти, уларнинг жойлардаги ижросини халқимизга тўғри ва ҳаққоний тарзда етказишда ОАВ вакиллари билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Ўтган даврда фракция аъзоларининг фаолияти ОАВда жами 16453 марта, жумладан, марказий, маҳаллий ва хусусий телеканаллар орқали – 1219, босма нашрларда – 1987, ўндан ортиқ давлат ва нодавлат радиоканалларида – 1310, интернет саҳифаларида– 3047 ҳамда ижтимоий тармоқларда 8890 марта ёритилди.
Тадбир якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг ўтган даврдаги фаолиятига бағишланган ахборот маълумот учун қабул қилинди.