Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар бериб, уни фош этишга ҳисса қўшганлар қанча пул мукофот олиши маълум қилинди. Бу ҳақда Вазирлар маҳкамасининг тегишли низомида сўз юритилган.
Унга кўра, фуқаролар қуйидаги ҳолларда бир марталик пул билан рағбатлантирилиши мумкин.
- фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга (Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти) коррупция ҳақида хабар бериб бу фош этилса;
- қидирувдаги коррупционер ҳақида хабар берилиб, у ушланса (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари бундан мустасно).
Юқоридаги ҳолатлардан бирини амалга ошириб, коррупция билан боғлиқ ҳолатнинг фош этилишида ҳисса қўшган шахслар БҲМнинг 3 бараваридан 25 бараваригача (669 минг сўмдан 5 млн 575 минг сўмгача) миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши мумкин.
Шунингдек, пора миқдори БҲМнинг юз бараваридан кўп бўлса, унинг мукофоти қуйидагича бўлади.
- анча миқдор учун – мулк қийматининг 15 фоизи миқдорида;
- кўп ва жуда кўп миқдор учун – мулк қийматининг 10 фоизи миқдорида.
Шу билан бирга, коррупция фош этилишига ҳисса қўшаганлар нафақат пул билан рағбатлантирилиши, балки улар давлат мукофотига ҳам тавсия этилиши мумкин. Рағбатлантириш масаласи махсус комиссия томонидан кўриб чиқилади.