“Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров ойлик маоши ва қандай хизмат автомашинасидан фойдаланиши ҳақида гапирди. Партия раҳбари бу ҳақда блогер Умид Гафуров билан учрашув вақтида гапириб ўтди.
Қодировнинг сўзларига кўра, унинг шахсий автомобили йўқ. Партия раҳбари пули етмаслиги учун ҳам машина сотиб ололмаслигини билдирди. Қодиров Малибу-2 хизмат автомобилидан фойдаланади. Блогернинг маош ҳақида берган саволига Қодиров таҳминан 3,8 млн сўм олишини айтди. Рағбатлантиришлар билан қўшиб ҳисоблаганда партия раҳбари 5 млн сўм атрофида ойлик олишини таъкидлаган.
Таъкидлаш жоиз, Қодиров аввалроқ UzAuto Motors монополиясини ёқлаб чиққан эди. Партия раҳбарининг блогер билан мулоқоти ҳам айни шу мавзу атрофида ташкиллаштирилди. Гафуров эса ўз навбатида автомобиль ишлаб чиқаришдаги монополияга қарши бўлаётган ЎзЛиДеП депутатларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.