Бинобарин, инвестиция ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодиётини ҳаракатга келтирувчи ва унинг тараққиётини таъминловчи муҳим капитал манбаи саналади. Кейинги йилларда мамлакатимизда иқтисодий ўсишни таъминловчи шартлардан бири бўлган инвестицияларни фаол жалб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани замирида ҳам катта маъно мужассам.
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодий ўсишга, аввало, рақобатдош саноат занжирларини яратиш ҳамда бундай лойиҳаларга инвестицияларни кўпайтириш орқали эришилишини қайд этиб, инвестиция сиёсатини юритишда давлат иштирокини пасайтириб, хусусий ва тўғридан-тўғри инвестициялар улушини ошириш лозимлигини таъкидлади. Биргина жорий йилнинг ўзида 23 миллиард доллар қийматидаги инвестицияларни ўзлаштирилиши натижасида 226 та йирик саноат ва инфратузилма объектларининг ишга туширилиши айни ҳақиқат.
Хусусан, Тошкентдаги “Яшнобод” технопаркида яна 11 та замонавий электротехника корхонаси ишга туширилиб, у ердаги жами корхоналар сони 17 тага етказилиши, Қашқадарё вилоятида қиймати 3 миллиард 600 миллион доллар бўлган, йилига 1,5 миллион тонна керосин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарадиган мажмуа тўлиқ маҳсулот беришни бошлаши минг-минглаб фуқароларимиз ҳаётига қувонч олиб кириши аниқ. Зеро, бу истиқболли лойиҳалар ҳисобига кўплаб ёшлар доимий иш жойи ва даромад манбаига эга бўлади. Халқ тўкинчиликда ҳаёт кечирса, мамлакат тараққий этади, фарзандларимиз фаровонликда вояга етади.
Муболағасиз айтаманки, мамлакат ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тараққий этиши, барқарор иқтисодий ўсишга эришиши, аҳоли даромадларининг ошиши, турмуш шароитининг яхшиланиши аксарият ҳолатларда миллий иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларига жалб этилаётган инвестиция маблағларининг ҳажми ва таркибига боғлиқ. Сабаби инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш шубҳасиз, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга, пировардида мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим тарихий ҳуқуқий ҳужжат бўлди.
Унга биноан, Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастури тасдиқланди.
Мазкур дастур 928,3 трлн сўм миқдоридаги марказлашган ва марказлашмаган инвестициялар, жумладан 37,5 млрд АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар ўзлаштирилишини назарда тутувчи 2021-2023 йилларда капитал қўйилмаларни ўзлаштиришнинг йиғма прогноз, инвестициялар ва кредитларни ўзлаштириш ҳамда жалб қилишнинг прогноз параметрлари, шунингдек, 226 та янги ишлаб чиқариш қуввати ва 34 мингдан зиёд иш ўрни яратилишини назарда тутувчи 2021 йилда йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларини ишга тушириш бўйича манзилли дастурларни ўз ичига олади.
Қарорда белгилаб қўйилганидек, 2021 йил 15 январга қадар вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимликлар — лойиҳалар ташаббускорлари ушбу ҳужжатда назарда тутилган инвестиция лойиҳаси бўйича уларни амалга оширишнинг ойлар кесимидаги комплекс тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиб, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тақдим этади. Бунда, Ҳукумат комиссияси лойиҳалар ташаббускорлари билан биргаликда уларни амалга ошириш комплекс тармоқ жадвалларининг бажарилишини ҳар ойда лойиҳалар кесимида муҳокама қилиб, юзага келаётган муаммоли масалаларни ҳал этиш чораларини кўради.
Шу билан бирга, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимликлар — лойиҳалар ташаббускорлари мазкур қарорнинг 3-бандида назарда тутилган комплекс тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда 2021 йилнинг ҳар бир чораги учун инвестициялар ва кредитларни ўзлаштиришнинг белгиланган прогноз кўрсаткичлари сўзсиз бажарилишини таъминлайди.
Яна бир муҳим янгилик – Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги марказий аппарати тузилмасида вазирлик тизимидаги бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони доирасида 15 та штат бирлигидан иборат Инвестициядан кейинги мониторинг бошқармаси ташкил этилди. Бошқарма фаолияти асосан инвестиция дастурлари доирасида яратилган ишлаб чиқариш қувватлари ва объектлардан фойдаланиш даражасини таҳлил қилишга, инвестиция лойиҳалари бўйича техник ва иқтисодий кўрсаткичларга эришиш юзасидан лойиҳа ташаббускорларига кўмаклашишга қаратилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мамлакат иқтисодиётининг тараққиёти бевосита инвестициялар оқимига боғлиқ. Шу жиҳатдан мазкур қарорнинг ижроси юқори даромадли иш ўринларини яратиш ҳамда ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилишига аминман. Зотан, дунё ҳамжамиятининг ҳозирги тараққиёт босқичида бирорта ҳам мамлакат инвестицияларсиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишга эриша олмайди.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
O'zLiDeP фракцияси раҳбари
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
O'zLiDeP фракцияси раҳбари