Аёнки, камбағалликни ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, одамларга кредит бериш билан қисқартириб бўлмайди. Бунинг учун аҳолини касбга ўқитиш, одамларда томорқа ерларига бўлган муносабатни ўзгартириш керак. Хитой файласуфи Лао Цзе айтганидек, “Оч қолган инсонга балиқ берсанг, унинг бир кунлик қорнини тўйдирасан. Агар унга қармоқ бериб, балиқ овлашга ўргатсанг, уни бир умр очликдан қутқарасан”.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан “Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин ошириш — камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтиришнинг муҳим омили” мавзусида фракциялараро ўтказилган амалий мулоқот давомида ҳам бу масала хусусида фикр алмашилди.
Назаримда камбағалликни қисқартириш йўлларидан яна бири қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтириш учун қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин оширишдир. Қолаверса, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилиши ҳам юқори самара беради.
Ҳозирги кунда дунёда озиқ-овқат тақчиллиги хавфи ортиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон раҳбарияти нафақат ички талабни қондириш, балки ташқи бозорга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш имконини берадиган муҳим ва зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида мева-сабзавотчилик, ғаллачилик ва чорвачиликда 500 га яқин кластер ва кооперациялар фаолияти йўлга қўйилгани натижасида пандемиянинг салбий таъсирига қарамасдан, 1 миллиард долларлик мева-сабзавот экспорт қилинди.
Шу жиҳатдан 2020 йил аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида туб бурилиш йили бўлди, десак янглишмаймиз. Чунки ўтган йилда аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик мавжудлигини биринчи марта тан олиниб, уни қисқартириш бўйича кенг қамровли ишлар бошланди. Барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги – “темир дафтар” тизими жорий этилди.
Қисқа муддатда бу тизим орқали 527 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди. Ўзини ўзи банд қилган аҳоли учун солиқ имтиёзлари берилиши ҳамда кўпгина чекловларнинг бекор қилиниши туфайли 500 минг нафар фуқаро меҳнат фаолиятини қонуний тарзда йўлга қўйди. Деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларига 300 миллиард сўм имтиёзли кредит ва субсидия ажратилгани ҳам қишлоқ аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлашда янги йўналишга айланди.
Жорий йилда камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтиришга қаратилган ишлар кўлами янада ошса ошадики, лекин камаймайди. Бинобарин, Мурожаатномада барча вилоятларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар марказлари ташкил этилиб, уларда “ягона дарча” тамойили асосида 100 дан ортиқ агрохизматлар кўрсатиш йўлга қўйилиши белгиланди. Ушбу марказлар орқали ернинг сифатини яхшилаш, касалликларга қарши курашиш, уруғликларни танлаш билан боғлиқ муҳим хизматлар кўрсатилиши кўзда тутилмоқда.
Камбағалликни келтириб чиқарувчи омилларлардан энг биринчиси бу — ишсизлик! Ишсизликни бартараф этиш – бу камбағалликни қисқартириш, дегани. Бу борада одамларга ердан тўғри фойдаланишни, томорқадан йилига икки-уч маротаба ҳосил олишни ўргатиш энг тўғри йўл, деб ҳисоблайман. Ахир бу орқали қанча одам ишли бўлади, оилаларга даромад, барака киради. Энг муҳими, томорқадан самарали фойдаланган одам боқиманда бўлмайди, бой бўлади.
Хулоса ўрнида айтганда, халқимизда “Ерни боқсанг, ер ҳам сени боқади”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Бу бежиз айтилмаган, албатта. Зеро, бугунги оғир дамларда серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бўла туриб ундан самарали фойдаланмасдан аҳоли рўзғорининг бутлигига эришиш мушкул. Шу жиҳатдан унинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиш ҳозирги мураккаб шароитда ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
O'zLiDeP фракцияси раҳбари
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
O'zLiDeP фракцияси раҳбари