Хусусан, дептутат сўнгги вақтларда Ўзбекистонда кўплаб соҳаларда ўзгаришлар бўлаётган бир вақтда мамлакатда энергия инқирози кечаётганини таъкидлади. Ушбу ҳолат нафақат ижтимоий ҳолатга, балки иқтисодий ўсишга салбий таъсир қилаётганини айтиб, айнан ушбу соҳадаги муаммолар барча ижобий ўзгаришларни “ювиб юбораётгани”ни билдирди.
“Энди ўйлаб кўринг, совуқ қиш, катта оила, на газ, на электр бор! Оиланинг кекса инсонлари ёки чақалоқлар совуқдан қалтираб ўтирса, оиланинг ёшлари ҳар қанча уринмасин уйини иситишга, уларни фаровон ҳаётини таъминлашга имконияти бўлмаса, бундай одамларга ислоҳотларнинг нима кераги бор? Бу одамлар учун ҳар қандай ислоҳотлар, ҳар қандай қонунлар, қўпол қилиб айтганда, “1 тийин”!!! УЛАР СОВУҚДАН ҚИЙНАЛИШМОҚДА. Бундай ҳолатда уларга фақат бир нарса керак, ЭНЕРГИЯ ТАЪМИНОТИ!”, –дейди Ғаниев.
Шунингдек, депутат сўнгги вақтларда унинг сайлов округидан келаётган ҳар 10 та мурожаатнинг 9 таси айнан энергетика билан боғлиқ эканини айтди. Ушбу мурожаатларга эса кимни айблашни билмаслигини, ҳамма бир-бирига солиб сўнггида қаердадир авария бўлган ва яқин кунларда ҳаммаси яхши бўлади деган жавоб келаётганини ҳам билдирди. Депутат ушбу соҳа масъулларига юзланиб, давлат ташқи қарзининг 28 фоизи ёки 5,1 млрд.доллари айнан энергетикага йўналтрилиганини мисол қилиб, ушбу пуллар қаерда ва қандай сарфланганини сўради. Шунингдек, миллиардлаб пулга қурилган ва водийда электр таъминотида муаммо қолдирмаслиги ваъда қилинган Тўрақўрғон ИЭС ҳам талабга жавоб бермаётганини танқид қилди.
“Тўғри, мен бу соҳанинг мутахассиси эмасман, эҳтимол, тушунмасман. Лекин наҳот охирги 4 йил давомида соҳада сезиларли ижобий ўзгариш қилиб бўлмаса? Аҳолининг талаби кундан-кунга ўсиб бормоқда, нима учун йил давомида шунга қараб ҳаракат қилмаймиз? Электрон ҳукумат, онлайн хизматлар, рақамли иқтисодиёт деймиз, лекин энергия бўлмаса булардан нима наф? Қайси ислоҳот эффект беради бу ҳолатда? Бундай ҳолат олдимиздаги сайлов йилида рўй беришини қандай тушуниш мумкин? Ёки бу давлат раҳбарининг олиб бораётган сиёсатига қарши атай уюштирилаётган “саботаж”ми?”, – деб ёзади депутат.
Халқ вакили аслида ушбу ҳолатларда депутатларнинг ҳам айби борлигини, сабаби айнан уларнинг ўзи Энергетика вазирлигининг раҳбариятини тасдиқлаб берганини таъкидлади.
“Мамлакатдаги бу ҳолатда энергия инқирози юз беришига сабаб бўлган раҳбарлар истеъфоси энг тўғри йўл бўлади”, – дейди депутат Ғаниев.