Мазкур қонуннинг қабул қилинишига амалдорларнинг муносабати қандай? Ана шу саволга жавоб топиш мақсадида Дарё мухбири бош вазирнинг икки нафар ўринбосаридан интервью олди. Бош вазир ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ушбу қонуннинг қабул қилинишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтиб, у бундан ҳавотирда эмаслигини билдирган. Абдуҳакимов одамлар амалдорнинг қандай яшашини билишга ҳақли эканини айтиб, декларация тўлдиргиси келмайдиган раҳбарларга ишдан кетишни, бизнес билан шуғулланишни маслаҳат берди.
Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳам агентликнинг ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиққанини қўллаб-қувватлади. Умурзоқов ушбу тартиб бутун дунёда мавжуд эканини, амалдорлар нафақат даромадлар декларациясини топшириши кераклигини, балки харажатлар декларациясини ҳам жорий қилиш кераклигини айтди.
“Шу билан бирга биз барибир бориб-бориб, амалдорларнинг харажатларини ҳам назоратга олишимиз керак. Уларни қандай уйда яшаяпти, қандай машина сотиб олди, кечирасизу, масалан, қандай кийим кийиб юргани-ю, қандай соат тақишигача назорат қилиш лозим”, – дейди амалдор.
Умурзоқов Буюк Британияда яшаб, ишлаганини ва бу талаблар унга бегона эмаслигини айтиб, даромад декларациясини тўлдириб, эълон қилиш унга муаммо туғдирмаслигини ва бунга тайёр эканини таъкидлади.