Ташрифлардан сўнг Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги туманлар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари ва Юнусобод тумани маҳалла раислари ҳамда ёшлар билан мулоқот қилди. Давлат раҳбари ушбу мулоқот давомида Жиззахда қулаб тушган бино воқеаси бўйича муносабат билдирди, дея хабар қилди Дарё нашри.
«Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари бизнинг сиёсатимизга хиёнат қилган. Буни ҳамма билиши лозим. Унинг бутун тўдасига қонуний жазо кўриш керак. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, барибир эски замонни қўмсаган ноинсофлар ҳам бор. Улар эркинлик, очиқлик сиёсатини тушунмайди», — деди Президент.
Давлат раҳбари ушбу ишга масъул бўлганларга қонуний жазо кўрилиши лозимлигини айтиб, бу бўйича бош прокурорга назоратга олиш топшириғини берди.
Эслатиб ўтамиз, шу йил 10 январда Жиззахда қурилаётган 6 қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган эди. Воқеада ҳеч ким жабрланмаган. Кейинчалик ушбу ҳолат бўйича ҳукумат комиссияси тузилиб, прокуратура масъулларга нисбатан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.