Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.
Ташриф давомида Президент Самарқанд шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этди ва нутқ сўзлади.
- Самарқандда иложи бўлса кўпроқ ишлар бўлса, кимдир гапирганда Самарқандни мақтайверса менга жуда ёқади, лекин менга кам мақташади, - деди давлатимиз раҳбари. - Биз бир-биримизни меҳнатда синаганмиз, сизлар мени бошқаларга нисбатан кўпроқ яхши биласизлар. Одамлар менга “сен олдин Самарқандда ҳам ишлагансан, аввал Самарқандингни эпла, кейин тадбиркорликни ўргатасан” дейишади. Шунинг учун сизлар фақат ўзингиз учун эмас, мен учун ҳам ҳар куни 2 соат қўшимча ишлашингизни илтимос қилиб қоламан.
Эслатиб ўтамиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида ишлаган.