Дарё нашри мухбирининг маълум қилишича, давлат раҳбари йиғилишда таълим тизими, хусусан ректорлар, собиқ ва янги олий таълими вазири ҳақида гапириб ўтди. Шавкат Мирзиёев мамлкатимиздаги ОТМларга раҳбарлик қилиб келаётган ректорлар ҳақида гапириб, уларнинг биронтасини ёшлар тарбияси ва маънавиятини юксалтиришда ташаббускор сифатида намуна қилиб кўрсата олмаслигини таъкидлади.
Ҳаммаси томошабин бўлиб юради, барчасининг оёғи ердан узилган. Ҳозир ректорлар ҳам ўзгарадиган вақт келди, – деди Президент.
Давлат раҳбари шунингдек, собиқ олий таълим вазири Иномжон Мажидов нима сабабдан ишдан олингани ҳақида гапирди. Президент собиқ вазир тизимда ўзгаришлар қилолмагани учун лавозимидан озод этилганини айтди. Шу ўринда давлат раҳбари янги вазир ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди.
Аввалги вазир аравасини тортмади. Шунинг учун Тошқуловни ўзим вазир қилиб тайинладим. Уни Тошкентдаги айрим ректорлар ёқтирмаслиги мумкин. Аммо Тошқуловни синаш керак эмас, уни ўзим кўп йиллар давомида синаганман. Жуда билимли, ташаббускор ва янгиликка интилувчан йигит. У тизимда ўзгаришлар қилишига ишонаман, – деди давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Иномжон Мажидов лавозимдан озод этилиб, ректор этиб тайинланган эди.