Маълум бўлишича, 27 январь куни ёшлар масалалари, уларни иш билан таъминлаш ва бошқа масалалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтган. Унда мамлакатимизда кузатилаётган коррупция ва ўғрилик ҳақида сўз юритилиб, бу бўйича бош прокурорга алоҳида топшириқ берилган.
«Одамларимизнинг фаровон яшаши учун сувга, ‘свет’га шунча қарз олинди. Аммо ҳамма жойда ўғрилик, ҳамма жойда коррупция. Мактаб, коллежлар қурилишида ҳам коррупция. Бу боғча эмас — 35 миллионлик аҳолини боқиш керак», – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга бир ойдан кейин Коррупцияга қарши кураш бўйича Миллий кенгаш йиғилишини ўтказиш бўйича топшириқ берди. Мазкур муддат ичида бош прокурор ҳар бир туманга «ташхис қўяди»: нега «касалланган», нега «тузалмаяпти», ким уларни қўллаб-қувватлаяпти? Шуларнинг барчасини аниқлаб, коррупцияга ботган одамларнинг рўйхатини тузиб чиқади. Уларнинг масаласи эса кейин кўриб чиқилиши таъкидланди.