Алламжонов учрашув бугун конструктив руҳда ўтганини таъкидлади. Унда мамлакатимизда юз берган вазият атрофлича муҳокама қилинди.
Умид қиламизки, яқин вақтларда нохуш воқеа бартараф этилади ва тегишли қарор қабул қилинади, – дейди кенгаш раиси.
Ўз навбатида, Фонд маҳаллий ва хорижий журналистлар, жумладан Агнешка Пикулицка фаолиятини фаол қўллаб-қувватлашга тайёр экани таъкидланган.
Агнешка Пикулицканинг профессионал ва академик салоҳияти ҳурматга лойиқ ва у билан кейинчалик ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз, – дея қўшимча қилди Алламжонов.
Эслатиб ўтамиз, 1 февраль куни Guardian, Al Jazeera, The Diplomat халқаро нашрлари учун мақола ёзадиган мустақил журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевска Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги унга аккредитация бермаганлигини маълум қилган эди. Аккредитация бўйича жавоб қонун бўйича 2 ойда эмас, 6 ойда берилган. Журналист ТИВнинг Рустам исмли ходими унга тегажоғлик қилганини, ижобий мақолалар ёзишини сўраганлигини ҳам таъкидлаган. Бугун халқаро журналист ТИВда учрашув бўлиб ўтганини, унга тегажоғлиқ қилган Рустамни ҳеч ким билмаслигини айтган эди.