Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг кенгайтирилган қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Унда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 февралдаги сиёсий партиялар, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувдан келиб чиқадиган O`zLiDeP тузилмалари, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси олдида турган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Президентимиз очиқ мулоқот чоғида партияларнинг жамиятимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш, айниқса камбағалликни қисқартириш ҳамда иқтисодиётимиз локомотивлари ҳисобланган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали бу соҳани юксак даражада ривожлантириш, одамларни иш билан таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган бир пайтда қабул қилинаётган қонунлар, дастурлар ижросини назорат қилиш парламент палаталари ва маҳаллий кенгашлар, жумладан, партияларга ҳам катта масъулият юклаши таъкидлаб ўтилди.
Йиғилишда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларга партиянинг фаоллигини ошириш, депутатларнинг энг қуйи бўғинлардаги аҳолини билан ишлаш тизимини тубдан ўзгартириш, жойларда йиғилиб қолган муаммоларни ўз вақтида ҳал этишда депутатлик назоратини кучайтиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан партиялар ўз электорати, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар ва нуронийлар билан ишлаш, уларнинг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминлашга кўмаклашиши зарурлиги таъкидланганди.
Бу борада O'zLiDeP ёшлар йўналишида олиб борилаётган ислоҳотларга ҳисса қўшиш, ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш борасида аниқ вазифаларни белгилаб олмоқда. Хусусан, «Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор» тамойили асосида “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, бўш вақтларини фойдали ишларга жалб этиш бўйича янги партиявий лойиҳаларни йўлга қўймоқда. Ёшлар йўналишида маълум касб-ҳунарга, тажриба ва кўникмага эга бўлмаган ёшларнинг ўз қизиқишлари доирасида ҳунар ўрганишига кўмаклашиш, шунингдек ёшлар ўртасида ишсизликни камайтиришга эришиш мақсадида “Келажакка касб-ҳунар билан” каби долзарб лойиҳалари ҳам ҳаётга тадбиқ этилади.
Партия хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, уларни турли касбларга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, тадбирколикка жалб қилиш борасида ҳам турли партиявий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, Мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор аёллари” лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа доирасида давра суҳбати ва маҳорат дарслари, тадбиркор ногирон аёллар ўртасида миллий ҳунармандчилик кўргазма савдоси ҳамда меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, бу орқали 100 мингдан зиёд хотин-қизлар қамраб олиниши кўзда тутилган.
Қўшма мажлисда жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш, уларнинг ечими бўйича таклифлар бериши, айниқса, таъсирчан Парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориш бўйича партия депутатлик гуруҳларининг янада фаоллигини ошириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда Давлатимиз раҳбари ҳам масаланинг ана шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратганлиги ва асосли танқид қилинганлиги айтиб ўтилди. Партия бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш учун аниқ чора-тадбирларни белгилаб олмоқда. Хусусан, фаолияти суст бўлган ҳудудий партия ташкилоти раҳбарларини алмаштириш ҳамда уларнинг ўрнини замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрлар билан тўлдириш чоралари амалга оширилади.
Қолаверса, парламент қуйи палатасидаги партия фракцияси билан ишлаш тизимли йўлга қўйиб, дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда халқимиз кутаётган, мамлакатимиз ривожига хизмат қиладиган қонунчилик ташаббусларини илгари суриш ва мавжуд қонунлар ижросини қатъий депутатлик назоратига олиш ҳам эътибор марказида бўлишлиги таъкидланди.
Шу билан бирга маҳаллаларга тушиб ишлаш тизимини йўлга қўйиб партиянинг аъзолари ва тарафдорлари сонини кўпайтириш, партиянинг ғоялари, сайловолди дастуридаги вазифаларни тушунтириш, маҳаллий кенгашдаги депутатларимиз орқали камбағалликни қисқартириш дастурлари устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш каби бир қатор вазифалар белгилаб олинди.
Қўшма мажлисда Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқадиган партия ва унинг фракцияси олдидаги устувор вазифалар ҳам муҳокама қилинди.
Очиқ ошкора, савол-жавобларга бой тарзда ўтган қўшма йиғилишда, мазкур фармон ва унда белгиланган долзарб вазифаларни оғишмай амалга ошириш, Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатлами орасида тарғиб қилиш ҳамда унда белгиланган устувор вазифалар самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, қўшма йиғилиш кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
O‘zLiDeP матбуот хизмати[right][/right]