Давлатимиз раҳбари вилоятга сафари чоғида жойлардаги учрашувлар, самимий мулоқотлар, янги лойиҳалар тақдимотларида билдирган фикрларини юртдошларимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатди. Айтиш мумкинки, бу ташриф ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳар бир инсоннинг турмуш даражасини янада яхшилаш, маҳаллаларда одамлар учун муносиб шароитларни яратиш учун муҳим қадам бўлди.
Мамлакатимиз раҳбари ўтган йили июнь ойида вилоятда бўлганида Косонсой, Чортоқ, Янгиқўрғон туманларини боғдорчиликка ихтисослаштириш яхши самара беришини айтган эди. Шунга мувофиқ, ушбу тоғли туманларда замонавий боғ ва токзорлар ташкил этилаётир.
Янгиқўрғондаги “Sura General Investments” масъулияти чекланган жамиятининг боғи ана шулардан биридир. Бу ерлар илгари суғорилмаганлиги сабабли ундан унумли фойдаланилмас эди. Бирлашган Араб Амирликларининг 3 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияси ҳисобига 103 гектар майдонда интенсив боғ барпо этилди.
Ҳозирги кунда боғда 40 киши иш билан таъминланган ва қатор ораларида сабзавот етиштириш учун ишсиз ёшларга ер бўлиб берилган. Давлатимиз раҳбари ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг ишли бўлганликларини, кайфиятларини кўриб хурсандлигини билдирди. «Йўлларингизни топиб, иш билан бўлиб, бирингизни икки қилиб, фарзандлар камолини кўриб яшасаларингиз — менинг энг катта мақсадим шу. Бунинг учун шу билан чегараланмай, кўпроқ билим олишингиз, янги марраларга интилишингиз керак», — деди Президентимиз.
Илгари наманганлик 160 минг киши хорижга иш излаб кетган эди. Бугун вилоятда яратилаётган имкониятлар натижасида уларнинг 100 минги юртимизга қайтиб келди. Бу, албатта, ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимизда — янги Ўзбекистонда ёшларга муносабат бутунлай ўзгариб бораётганидан далолатдир.
Шу ерда Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ҳамда бошқа мутасаддилар Наманган вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган лойиҳаларни тақдимот қилишди.
Президентимиз лойиҳалар билан танишар экан, картошкачиликни ривожлантиришга алоҳида тўхталиб, картошкани ҳалигача жуда катта ҳажмда импорт қилаётганимизни, 1,8 млн тоннага эҳтиёжимиз борлиги, шунга яраша ер ҳам ажратилгани, аммо ҳосилдорлик пастлиги таъкидлади.
Илмий ёндашув йўқлиги туфайли энг оддий экинни ҳам кўнгилдагидек етиштира олмаётганимиз айтилиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига картошкачилик бўйича жиддий шуғулланиш, ҳосилдорликни кўтариш кераклиги, алоҳида коллежларни ана шу йўналишда илмий марказларга айлантириш, Венгрия давлати билан бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича зарур кўрсатмалар берилди. Шундан келиб чиқиб, эндиликда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан Янгиқўрғон туманида давлат-хусусий шериклик тамойилини қўллаб, картошкачиликка ихтисослашган, сифатли уруғ етказиб берадиган ва комплекс хизмат кўрсатадиган томорқа хизмати кластери ташкил этилади.
Ишчилар сони 2200 нафарга етказилади
Ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш — давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналиши. Шу сабабли давлатимиз раҳбари деярли ҳар бир маърузаларида бу масалага тўхталиб, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш лозимлигини таъкидлаяпти. Бу борада шаҳар ва туманларда тўқимачилик мажмуалари ташкил этилмоқда. Чунки бунинг учун хомашё, инфратузилма ва бозор бор.
“Chust textile” корхонаси «Наманган» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ташкил этилган бўлиб, унинг иккита комплексида 1 минг 300 киши меҳнат қилмоқда.
Корхона буюртмага қараб, барча турдаги устки ва ички кийимларни ишлаб чиқариши мумкин. 2020 йилда қарийб 2 минг тонна мато ҳамда 5 миллион 200 минг дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, Италия, Россия, Қозоғистон ва Тожикистон каби давлатларга 9 миллион доллардан зиёд экспорт қилинган. Жорий йилда эса экспортни 12 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Президентимиз Чуст туманидаги “Chust textile” хусусий корхонаси фаолияти билан танишиш доирасида бу ердаги иш жараёнини, тайёр маҳсулотларни кўздан кечирди. Корхона қурилишнинг ўзидан 6 миллион доллар иқтисод қилингани эътироф этилиб, бошқа тўқимачилик мажмуаларини ҳам шундай лойиҳа асосида қуриш бўйича кўрсатма берди.
Бугун ёшлар билан ишлаш бўйича янгича тизимни жорий этиш – энг асосий масала саналади. Айни чоғда 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз экани бу борада яқин ва келажакда эмас, ҳозирданоқ зарур чораларни кўришни тақозо этади. “Chust textile” лойиҳасининг умумий қиймати қарийб 12 миллион доллар бўлиб, уч босқичга мўлжалланган. Тўлиқ қувватда йилига 5 минг тонна мато, 15 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин бўлади. Энг асосийси, ишчилар сони 2200 га етказилади.
850 млрд. сўмлик кредит қандай мақсадларга сарфланади?
Маҳалла тизими жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланади. Бугун маҳаллалар аввалгидек мурожаатлар билан чекланиб қолмай, одамлар ичига кириб, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, мавжуд муаммоларга тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ечим топмоқда. Энг муҳими, улар аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича оилавий ва хусусий тадбиркорликнинг энг яқин кўмакчисига айланган.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда «маҳаллабай», «хонадонбай» деган ибора пайдо бўлгани ҳам бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бу иш услублари, очиғи, аҳоли мурожаатлари ва жамиятдаги кўплаб муаммоларни бартараф этишда жуда қўл келмоқда. Бу ўз навбатида, ҳар бир оиланинг дардини, ниятини билиб, уларга елкадош, кўмакдош бўлиш, шароит яратишда асқатяпти.
Ташрифнинг алоҳида эътиборли томони шундан иборат бўлдики, унинг доирасида Президентимиз Наманган шаҳрида бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш биринчи муҳим вазифа эканини таъкидлаб, «маҳаллабай» тизимда тадбиркорликни ривожлантириш учун 850 миллиард сўм кредитлар ажратишга кўрсатма берди.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан вилоятга 60 миллион доллар ажратилиши, бунинг ҳисобидан Наманган шаҳри иссиқлик тизимини қайта қуришга 15 миллион доллар, эски шаҳар инфратузилмасини яхшилаш ва каналлар қирғоқларини ободонлаштиришга 10 миллион доллар, маҳаллалардаги драйвер лойиҳаларни молиялаштиришга 10 миллион доллар, лимончиликни ривожлантиришга 10 миллион доллар йўналтирилиши туфайли минг-минглаб оилаларнинг турмуш шароитлари яхшиланади.
Кичик ва ёшлар саноат зоналарига, ички ва зиёрат туризмини ривожлантиришга, кредитлар фоизининг бир қисмини қоплашга 5 миллион доллардан берилиши шубҳасиз, янги иш ўринлари яратилиши билан бирга, мамлакатимиз экспорт салоҳияти ошишига ҳам хизмат қилади.
Булар ҳали ҳаммаси эмас. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, экинлар таркибини ўзлаштириш мақсадида 17 минг гектар ер ажратиш, 200 минг нафар ёш, пахта кластерлари томонидан ҳар бир туманда тикувчилик корхоналарини ишга тушириш орқали 10 минг нафар аёллар бандлигини таъминлаш мумкин.
Хулоса шуки, Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифи том маънода тарихий воқеа бўлди. Одамларнинг кайфиятини кўтарди, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади. Демак, энди белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилишимиз, ҳар бир эзгу ишда фаол ва ташаббускор бўлишимиз керак.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
O'zLiDeP фракцияси раҳбари
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
O'zLiDeP фракцияси раҳбари