Ўзбекистон халқаро ташкилотлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Европа Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти билан фаол ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади.
Сўнгги йилларда минтақавий давлатлараро иқтисодий ташкилот бўлмиш Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик алоқалар даражасини оширишга эришилди. 1992 йилда Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ушбу ташкилотга қўшилди.
Мамлакатимиз экспертлари Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига бир томондан улкан имкониятларга эга иқтисодий макон сифатида, бошқа томондан тарихи, дини, маданияти ва қадриятлари муштарак, улкан имкониятларга эга бўлган умумий минтақа сифатида қарашмоқда.
Мамлакатимизнинг ушбу ташкилотдаги иштироки дунёда технология ва ресурслар, сармоялар, ташқи бозорларга чиқиш учун рақобат кучайиб бораётган ҳозирги кунда, куч ва салоҳиятларимизни бирлаштириш, иқтисодиётларимизнинг тўлдирувчи омилларидан кенг фойдаланишимиз муҳимлиги билан боғлиқдир.
Куни кеча Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған раислигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг видеоанжуман шаклидаги 14-саммити бўлиб ўтди. Унда пандемиянинг салбий иқтисодий оқибатларини бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалаларига бағишланган нутқи халқаро ҳамжамиятнинг алоҳида эътиборини жалб қилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Бу офат кучли ва заиф томонларимизни, бир-биримизга нақадар боғлиқ эканимизни, иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлаш заруратини яққол кўрсатди”.
Шу жиҳатдан, дунёда технология ва ресурслар, сармоялар, ташқи бозорларга чиқиш учун рақобат кучайиб бораётган ҳозирги кунда, куч ва салоҳиятларни бирлаштириш, иқтисодиётларимизнинг тўлдирувчи омилларидан кенг фойдаланишимиз ҳар қачонгидан ниҳоятда муҳимдир. Лекин Ташкилот доирасида мавжуд савдо-иқтисодий, молиявий, сармоявий, транспорт-логистика ва энергетика имкониятлари тўлиқ ишга солинмаяпти. Бу борада давлатимиз раҳбари “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти – 2025” дастурининг асосий йўналишлари бўйича кўп томонлама шерикликни янада кенгайтириш мақсадида бир қатор дорзарб ташаббусларни илгари сурди.
Биринчидан, карантин чора-тадбирлари доирасида ўрнатилган савдо, транспортга доир чеклов ва тўсиқларни бекор қилиш, савдони рақамлаштириш ва электрон тижоратни ривожлантириш борасидаги ечимларни кенг жорий этиш ҳамда савдо бўйича минтақавий битимни тез фурсатда қабул қилиш таклифини билдирди. Чунки иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери – ҳеч шубҳасиз, савдо ва инвестиция алоқаларини куч́айтиришдир. Сўнгги йилларда эса Ўзбекистоннинг аъзо давлатлар билан умумий савдо айланмаси салкам икки баробарга ўсди.
Иккинчидан, “Бир-бирини тўлдирувчи нуқталарни топиш” тамойили асосида саноат кооперациясини ривожлантириш халқларимизнинг умумий фаровонлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди. Энди бу муҳим режани амалга ошириш учун аниқ йўналиш ва лойиҳаларни қамраб олган қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
Учинчидан, аъзо давлатлар ўртасида маблағлар, товарлар ва хизматлар эркин айланишини таъминлаш, банклараро алоқаларни ва молиялаштиришни кенгайтириш долзарб масала ҳисобланади. Бу жараёнда мамлакатларимизнинг етакчи корхоналари ўртасида саноат кооперациясини мустаҳкамлаш учун молиявий ҳамкорлик механизмларини кенгайтириш ҳамда мамлакатларимизнинг етакчи банк институтлари иштирокида минтақавий форум ўтказиш бўйича илгари сурилган таклиф айни муддао бўлди.
Таъкидлаш жоизки, минтақаларимизнинг транспорт йўлакларини кенгайтириш ва транзит салоҳиятини ошириш, ўзаро иқтисодий ҳамкорлигимизни янада жадаллаштиради. Президентимиз ўз нутқида минтақа учун муҳим бўлган транспорт соҳасига эътибор қаратаркан, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида транзит салоҳиятини ошириш, транспорт йўлакларини кенгайтириш масаласига алоҳида урғу берди.
Инчунун, учта йирик транспорт йўлаги, яъни Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон, Ўзбекис тон — Қирғизистон — Хитой транспорт йўлаклари, шунингдек, Озарбайжон орқали Туркия ва Европа мамлакатларига чиқиш йўлларини ривожлантириш, шу билан бирга Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўлини қуриш орқали ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини ошириш имконияти пайдо бўлади
Ушбу ташаббуслар партия электорати, минтақавий қўшнилар билан тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор бўлган тадбиркорларнинг эҳтиёжлари ва орзу-умидларига тўла мос келади. Ўзбекистон Либерал-демократик партия тарафдорлари юртбошимиз томонидан билдирилган ташаббуслар Ўзбекистон сиёсатининг ИҲТ иқтисодий маконида амалга ошираётган фаол ташқи сиёсатида, жумладан, инфекциянинг тарқалишига қарши курашда чеклов чораларидан чиқиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш, ушбу мураккаб даврда савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича мақсадли қадамлардан саналади, деб ҳисоблайдилар.
Шунингдек, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан биргаликда тегишли дастурни ишлаб чиқиш ҳамда уни жорий йил мамлакатимизда ўтказилиши режалаштирилган ИҲТ давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг навбатдаги учрашувида тақдим этиш ташаббуси ҳам алоҳида диққатга сазовордир.
Умуман олганда, Ўзбекистон ташаббусларини амалга ошириш халқларимизнинг умумий фаровонлигини оширишга, аъзо давлатлар ўртасида маблағлар, товарлар ва хизматлар эркин айланишини таъминлашга, энг муҳими, минтақаларимизнинг транспорт йўлакларини кенгайтириш ва транзит салоҳиятини ошириш, ўзаро иқтисодий ҳамкорлигимизни янада жадаллаштиришга хизмат қилади.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари