– Сизлар биз учун аввало муқаддас она, азиз Ватан, оила тимсоли, битмас-туганмас меҳр, эзгулик ва куч-ғайрат манбаидирсиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент табирдаги сўз нутқида аёлларнинг пандемия давридаги меҳнатини юқори баҳолаб, уларга миннатдорчилик билдирди. Давлат раҳбари айни вақтда бошқарувда аёлларнинг ўрни ошиб бораётганини, 6 та туман ҳокими айнан аёллар эканини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, йиғилишда Президент аёлларни моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича бугун яна бир қарорни имзолаганини маълум қилди. Унга кўра, жорий йилда турмуш шароити оғир аёллар ҳамда ёлғиз онаси қарамоғида ўсган қизларни уй билан таъминлаш мақсадида бюджетдан 210 миллиард сўм, бошпанаси бўлмаганларни ижтимоий турар жойлар билан қамраб олиш учун яна 211 миллиард сўм йўналтирилиши айтилди. Шунингдек, муҳтож хотин-қизларга моддий ёрдам бериш, уларни даволатиш, касб-ҳунарга ўқитиш, иш билан таъминлаш учун ҳам катта маблағлар ажратилади.
Давлат раҳбари ўз нутқида ёшларга мурожаат қилди.
– Оила – меҳр ва бахт қўрғони. Оила бор экан, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор, инсоний қадр-қиммат ва маънавият бор. Оилавий бахт бу – энг улуғ саодатдир. Машҳур қўшиқлардан бирида айтилганидек, “Уйида бахти борлар ҳар ерда бахтиёрдир”. Мен азиз йигит-қизларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: турмуш қуришга, оилага, фарзанд тақдирига ниҳоятда чуқур масъулият билан қаранг. Бу масалага юзаки ёндашиб, ҳам ўзингиз, ҳам ўзга бир инсон ҳаётини хавф остига қўйманг”, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.