Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Навоий вилоятида ёшларга ер ажратиб бериш жараёнида қатнашди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, Навбаҳор туманида 13 нафар ёшга 25 сотихдан ер ажратиб берилган. Ер ажратиш тадбиридан сўнг Хаитов ҳар бир ёш билан бирма-бир суҳбатлашган. Унинг натижасида кичик тадбиркорлик дўкони бор бўлган қизга ва унинг синглисининг номига ер олингани маълум бўлган. Хаитов ушбу адолатсизлик юзасидан сектор раҳбарига қаттиқ танбеҳ берган ва ерни ҳақиқий муҳтожларга ажратиш кераклигини таъкидлаган.
Спикер ўринбосари шунингдек, 25 сотих ерни бир кишига ажратмасдан, ер олувчининг имкониятларини биринчи ўринда ҳисобга олиш кераклигини, ерни 13 кишига эмас, балки 26 кишига 10-15 сотихдан бўлиб бериб, кўпроқ ёшлар бандлигини таъминлашга эришиш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлаган.