Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу маҳаллада ҳозирда 3 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Мазкур маҳаллада “Обод қишлоқ” дастури доирасида қатор қурилиш ишлари олиб борилган.
Президент турли хил миллат вакиллари яшайдиган маҳаллада аҳоли билан суҳбатлашди ва ишсизлик ҳақида гапирди.
Бугун келишимдан мақсад - Тошкент вилоятида ҳам замонга муносиб шароит яратиш. Вилоятда салкам 3 миллион аҳоли бор. 150 минг нафари ишсиз. Шунинг учун ҳар бир маҳалладаги «ўсиш нуқталари»ни топиб, шунга жавобгарларни белгилаб, керакли маблағларни бериб, одамларни иш билан таъминлашимиз керак. Ичимлик суви, электр энергияси, йўл, таълим ва бошқа шароитларни яхшилаш зарур. Бу мақсадлар учун, йирик ва ўрта лойиҳалар учун вилоятга 119 триллион сўм йўналтирилади. Ҳали ҳеч бир вилоятда бундай марра олинмаган, - деди Президент.
Шунингдек, мулоқот давомида давлат раҳбари Чинознинг имкониятлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.
Ўзи Чиноз туманида ишсиз бўлиши керак эмас. Ери кенг, одамлари меҳнаткаш. Ҳар бир уйда, ҳар бир кўчада маданият бўлиши керак. Халқимиз айтганидек, олма пиш, оғзимга туш, деган билан натижа бўлмайди. Биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур. Ўзгаришларни истасак, ҳаммамиз онгли равишда ўзгаришимиз керак, - деди Шавкат Мирзиёев.