Шу йил 29 март куни Ўзбекистонда коррупция ҳолатига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Унда мамлакатимизда 2020 йилда коррупция билан боғлиқ жиноий ҳолатлар ҳақида маълумот бериб ўтилди. Унга кўра, ўтган йили Республикада коррупция ҳолатлари бўйича 2270 кишига нисбатан жиноий иш очилгани маълум қилинди. Улардан,
- 1056 нафар шахсга нисбатан пора бериш (211-модда);
- 825 нафар шахсга нисбатан мансаб сохтакорлиги (209-модда);
- 184 нафар шахсга нисбатан ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (205-модда);
- 133 нафар шахсга нисбатан пора олиш (210-модда) моддалари бўйича жиноят ишлари кўриб чиқилган.
Шунингдек, келтирилган маълумотларга кўра, 2020 йилда ушбу жиноят асосан ишсизлар (23 фоиз) томонидан содир этилгани ҳам таъкидланди. Шу билан бирга, коррупция ҳолати таълим (17 фоиз), тиббиёт (7 фоиз), банк (5 фоиз), қурилиш (3 фоиз), ички ишлар (3 фоиз) тизими ходимлари томонидан ҳам содир этилгани билдирилди.