Оммавий қабуллар: еридан ажралган фермер, фирибгар хўжалик раиси, тикланган оила, озод этилган маҳбуслар ва бошқа масалалар

Оммавий қабуллар: еридан ажралган фермер, фирибгар хўжалик раиси, тикланган оила, озод этилган маҳбуслар ва бошқа масалалар
Тошкент вилояти Президент Халқ қабулхоналари томонидан фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммоларини ҳал этиш мақсадида ташкил этилаётган оммавий қабулларнинг навбатдаги манзили бўлди.

Президент Администрацияси, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, ички ишлар вазирлиги масъуллари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари иштирокида Бекобод шаҳри ҳамда Бўка туманида Бекобод ва Пискент туманлари аҳолисини ҳам қамраб олган ҳолда ўтказилди.

Мазкур қабулда иштирок этган Гулнора Қурбоналиева Бекобод туманидаги “Ачамайли” МФЙда истиқомат қилади. Оила рўзғорига кўмаклашай деган онахон йил бошида ўз уйида савдо дўкони ташкил этади-ю аммо тадбиркорликни тегишли тартибда расмийлаштирмасдан туриб, фаолиятни бошлаб юборади. Бу ҳолат солиқ органлари томонидан аниқланиб, камчиликларни бартараф этиш, фаолиятни қонунийлаштириш учун 30 кун муддат берилади. Шу давр мобайнида барча ҳужжатларда рисоладагидек расмийлаштирган тадбиркор опа оммавий қабулда иштирок этиб, жаримадан озод қилишни сўради. Мурожаатни кўриб чиққан Бекобод тумани суди онахоннинг оилавий шароити, энди фаолият бошлагани, хатосини тушуниб, камчиликларни белгиланган муддатда бартараф этгани боис уни жарима тўлашдан озод қилиш тўғрисида қарор чиқарди.

Биз истаймизми-йўқми ҳаётда турли-туман ҳолатлар, хурсандчилик ҳам, кўнгилсизлик ҳам бирдек учрайди. Умр йўлидаги шундай нотекисликлар, мураккабликлар инсон зоти бошидаги бор савдо аслида. Бундай савдога дуч келган Бекобод шаҳрилик Йўлдошевлар оиласининг фуқаролик ишига доир ҳал бўлмай келаётган муаммосига ниҳоят мазкур оммавий қабулда нуқта қўйилди. Бу фуқаролар умумий мулк ҳисобланган хонадонни ўзаро бўлиб олиш масаласида судга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Гап шундаки, собиқ эр ва хотин қонуний ажрашган, аммо оилага тегишли бўлган уй кимнинг эгалигида қолиши юзасидан келишмовчиликнинг ҳеч охири кўринмади. Оммавий қабул доирасидаги суд жараёнида собиқ эр аёлнинг хонадондаги улушини сотиб олиб, уни уйдан чиқиб кетиши бўйича даъво киритди. Ўз ўрнида собиқ хотин уйдан чиқишни истамаслиги, собиқ эрининг улушини сотиб олиши мумкинлигини билдирди. Суд томонларнинг ҳар бирини тинглаб, ҳолатни таҳлил қилиб, фуқароларни ўзаро келишиш, инсонийлик тамойилларига амал қилишга даъват этди. Натижада собиқ эр экспертиза хулосасига кўра 100 миллион сўмдан ошиқроққа баҳоланган уйдаги улушини собиқ турмуш ўртоғига сотишга рози бўлди. Суд ҳукмига кўра уйнинг ярим баҳосини нақд пул шаклида олган эркакнинг мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқи тугатилиб, мулк аёлнинг номига расмийлаштириб берилди.

Қабул доирасида Бекобод туманининг “Пахтакор” маҳалласида яшовчи Шокировлар оиласининг ажрим сўраган мурожаати судда кўрилди. Аёл оилавий жанжаллар сабаб, икки нафар фарзанди бўлишига қарамай ажрашиш бўйича судга даъво киритган. Жараёнда турмуш ўртоғи ва оиладагиларнинг руҳий ва жисмоний босими уни толиқтирганини баён этди. Яраштириш бўйича олиб борилган ишларга қарамасдан иш судгача келган. Эр ва хотин билан суҳбат пайтида ажрим сабаб бўладиган нохуш ҳолатлар, фарзандлар ҳаётига бу ҳолатнинг салбий таъсири ётиғи билан тушунтирилгач, томонларнинг келишувига асосан оила сақлаб қолинди.

Бош прокуратура масъуллари кўтарилган масалаларнинг ҳар бирини мурожаатчи ва вилоят прокуратураси раҳбарияти билан юзма-юз муҳокама қилди. Улар асосан тергов-суриштирув, суд қарорларини қайта кўриб чиқиш, суд қарорлари ижроси, тадбиркорлик ва бошқа масалалардаги ариза-ю шикоятлардан иборат.

Бўкалик Анвар Абдураҳимов 2017 йилда боғдорчилик учун 22,5 гектар ер олади. Аммо 2017-2018 йилларда ерда туман ҳокимлиги кўрсатмаси асосида пахта етиштириб келинган. 2018 йил охирида кўчатлар олиб келиб, уларни ўтқазишдан аввал ўзига тегишли ер майдони чегараларига аниқлик киритиш мақсадида 2019 йил январь ойида ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси туман бўлимига борганида, унга ажратилган ер майдони туман захирасига қайтариб олиниб, бошқа бир МЧЖга ажратиб берилганидан хабар топади. Шундан сўнг туман ҳокимининг қарорини асоссиз деб ҳисоблаб, судга мурожаат қилади. Суд ишни кўриб чиқиб ҳоким қарорини бекор қилади. Аммо ҳокимлик ижара шартномасини бекор қилиб, шу пайтга қадар фуқаро билан янги шартнома тузишни пайсалга солиб келаётганини айтиб, мурожаат қилди. Прокуратура масъуллари ушбу ҳолатни ўрганиб чиқиб, ечими таъминланши қатъий назоратга олинди.

Мулоқотлар давомида ўзгалар мулкига зарар етказилган фирибгарлик ҳолатлари билан боғлиқ жиноятлар бўйича ижро жараёнлари устидан ҳам назорат ўрнатилди. Бўка туманида истиқомат қилувчи Дилбар Парпиева ўғли Абдурауф Абдураҳмонов фирибгар тузоғига тушиб, катта миқдорда моддий зарар кўрганини, 2018 йилда бўлиб ўтган суд ҳукмига кўра даъвогарга 40 миллион сўм ундириб берилиши белгилангани, ижро варақаси мажбурий ижро бюросига топширилгани, лекин жавобгарнинг номида мулк бўлмагани сабабли ҳукм ижроси мана уч йилдирки ортга сурилаётганини айтиб, прокуратура масъулларига мурожаат қилди. Мурожаатчининг таъкидлашича, жавобгар аслида фермер хўжалиги раиси, унга тегишли мол-мулк ҳам бор. Ушбу масала ҳам Бош прокуратура назоратига олиниб, суд қарори ижроси таъминланиши юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Бўкалик бир гуруҳ фуқароларнинг жамоавий мурожаатида туман марказида фаолият юритаётган автомобилларга газ қуйиш шохобчаси аҳоли зич яшайдиган ҳудудда барпо этилгани, бу эса одамлар ҳаёти ва саломатлигига жиддий хавф туғдираётгани айтиб ўтилган. Прокуратура масъуллари бу масала қўшимча ўрганишларни талаб этиши, тадбиркорнинг ҳам, аҳолининг ҳам қонуний манфаатларини ҳисобга олган ҳолда масалага ойдинлик киритиш учун вақт талаб этилишини айтиб, муддат сўрашди. Энг муҳими, муаммога адолатли ва қонуний ечим топилиши устидан қатъий назорат ўрнатиладиган бўлди.

Ички ишлар вазирлиги масъуллари ички ишлар органларига ишга тикланиш ва ишга кириш, суриштирув ва тергов, фуқаролик, паспорт-виза, мол-мулк ёки буюмларни қайтариб олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, жазони ижро этиш ва бошқа масалаларга оид кўплаб мурожаатларни кўриб чиқди. Муносиб хулқ-атвори, меҳнатга бўлган ижобий муносабати, тўғри йўлга ўтганлигини инобатга олиб, бир гуруҳ шахсларни муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш бўйича судларга тақдимнома киритилди.

Бекобод тумани “Деҳқонобод” маҳалласида яшовчи Асадбек Камолов адашиб жиноят йўлига кирган. Ўғрилик қилгани учун 2 йилга озодликдан чеклаш жазосига ҳукм қилинган эди. Ҳали вояга етмагани, намунали хулқи инобатга олиниб, пробация гуруҳи унга нисбатан судга тақдимнома киритди. Бекобод тумани суди Асадбек Камоловнинг ишини кўриб чиқиб, унга яна бир бор имконият берилди. У ўталмай қолган 1 йил 5 ойлик озодликдан чеклаш жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Умуман оммавий қабуллар доирасида ўтказилган сайёр суд мажлисларида шу каби жами 40 нафар маҳкумга нисбатан инсонпарварлик далолатномалари қўлланилиб, улардан 2 нафари шартли равишда озод қилинган бўлса, 38 нафарининг ўталмай қолган жазоси енгилроқ жазога алмаштирилди. Шунингдек, қабуллар давомида, бандлик, уй-жой таъминоти, кадастр, банкдан кредит олиш каби бошқа кўплаб масалалар бўйича ҳам мурожаатлар кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилди.

Суд-ҳуқуқ органларининг аҳоли билан жонли мулоқотлари бугун Ангрен ва Оҳангарон туманларида Олмалиқ шаҳри ҳамда Оҳангарон тумани аҳолисини ҳам қамраб олган ҳолда давом эттирилган бўлса, эртага Нурафшон ва Янгийўл шаҳарларида қўшни туманлар аҳолиси ҳам жалб этилган ҳолда ўтказилади. Уларнинг тафсилотлари ҳақида ҳам хабар берамиз.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Сиёсат » Оммавий қабуллар: еридан ажралган фермер, фирибгар хўжалик раиси, тикланган оила, озод этилган маҳбуслар ва бошқа масалалар