Аввалроқ мамлакатимизда давлат раҳбарини ҳақорат қилганлик учун жазо қўлланиши ҳақида ёзган эдик. Бу бўйича Президент Қонунни ҳам имзолади. Шундан келиб чиқиб, Юксалиш УМҲ раҳбари Бобур Бекмуродов хорижда ушбу тажриба қандай эканига тўхталиб ўтди.
“Шу кунларда, Президентни телекоммуникация ва интернет тармоқларида ҳақоратлаш учун жиноий жавобгарлик белгиланганлиги фаол муҳокама қилинмоқда. Ҳаттоки, қонунга ушбу ўзгартишнинг киритилиши сўз эркинлигига таҳдид сифатида талқин қилиш каби манипулятив ҳаракатлар ҳам бўлаётганлигини кўряпмиз.
Биринчидан, Конституциямизга кўра, нафақат Президент ёки бирор давлат хизматчиси, балки ҳар бир инсоннинг ҳаёти, шаъни ва қадр қиммати олий қадрият ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, мансабидан қатъий назар, ҳар бир инсонни ҳақорат қилганлик ва унга туҳмат қилган учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилган, оғирлаштирувчи ҳолатларда ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун эса жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.
Иккинчидан, Президентни ҳақорат ва унга туҳмат қилганлик учун жиноий жавобгарлик аввал ҳам бор эди. Янги қонун билан, замон талабига кўра, фақат “телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда" деган ибора қўшимча қилинган холос.
Учинчидан, биз Президентлик Республикасимиз ва Президент институтининг нуфузи давлат ва халқнинг нуфузи билан бевосита боғлиқ. Конституцияга кўра Президентлик — Ўзбекистон халқи номидан иш олиб борадиган институт ҳисобланишини, Президентнинг шахси даҳлсиз эканлигини ҳам унутмаслик лозим. Яъни Президент конституциявий мақомга эга.
Тўртинчидан, агар гап халқаро амалиёт ҳақида кетаётган бўлса, ривожланган демократияларда ҳам бу борада қатъий жавобгарлик мавжудлигини кўришимиз мумкин. Масалан: Польшада Президентни омма олдида ҳақорат қилиш 4 йилгача қамоқ жазоси
Германияда Президентни омма олдида ҳақорат қилганлик учун 3 ойдан 5 йилгача қамоқ жазоси ва штрафлар
Канадада давлат раҳбарига туҳмат қилиш ёки шундай мазмундаги постлар учун 14 йилгача қамоқ жазоси
Нидерландияда монарх, унинг рафиқаси ва ворисини ҳақорат қилиш 5 йилгача қамоқ жазоси
Туркияда Президентни ҳақорат қилиш 1 йилдан 4 йилгача қамоқ жазоси белгиланади ва жаҳон мамлакатлари тажрибасида бу нормал амалиёт ҳисобланади.
Ва энг асосийси, ҳуқуқ устуворлиги ва ўзаро ҳурмат жамият барқарорлиги учун фавқулодда муҳим. Ҳар қандай ҳақорат ва туҳмат деструктив ҳаракат ҳисобланади ва унга қатъий жавобгарлик бўлиши шарт. Конструктивликка ўрганишимиз керак”, – дейди Бекмуродов.