Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 20 апрель куни иккита ҳужжатга имзо чекди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Маълум бўлишича, давлат раҳбари дастлаб Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Мазкур фармонга асосан II жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 12 млн сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти бериш белгилаб қўйилди. Ушбу пуллар давлат бюджетидан ажратилади.
Шу билан бирга, Президент "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни ҳам имзолади. Мазкур қарорда бу йилги байрам тадбирлари “Хотира бор экан – миллат барҳаёт”, “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч” шиорлари остида ўтказилиши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, II жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг истаклари асосида уларни республика ҳудудидаги санаторийларга бепул юборилиши таъминланиши белгиланди.
Қарорда 9 май куни соат 21.00 да пойтахтда байрам салюти ташкил қилиниши ҳам таъкидланган. Ушбу ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан ЎзА расмий сайтида танишишингиз мумкин.