Наманган вилояти марказидан 76 километр узоқликда, қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ерда жойлашган “Жар” қишлоғида яшовчи 3 минг 800 га яқин аҳоли шу кунга қадар ижтимоий-иқтисодий соҳалар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш жабҳаларидаги муаммо ва камчиликлардан азият чекиб келаётган эди. Мамлакатимизнинг олис ва чекка манзилларидаги ана шундай қишлоқ ҳамда овулларда йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш, одамларга муносиб ҳаёт сифати, турмуш шароитини яратиб бериш борасида давлатимиз раҳбари топшириқлари асосида олиб борилаётган кенг қамровли амалий ишлар Косонсой туманидаги “Жар” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ўзининг ижобий натижаларини кўрсата бошлади.
Бу борада бажарилаётган ишлар мантиқий кетма-кетликда, пухта режа ва лойиҳалар асосида амалга ошириляпти. Маҳалла ва қишлоқлар ободлиги, авваламбор, хонадонлар, кўчалар, ободлигидан бошланади. Шу боисдан ҳам биринчи навбатда қишлоқдаги мавжуд 800 га яқин уйларнинг ички ва ташқи кўринишини замонавий қиёфага келтириш, пардозлаш, улар ҳудудида тозалаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини бажариш, томорқаларга тўлиқ экин экишни таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Яъни, одамларимизда “Шу уй, шу кўча, шу маҳалла меники, унинг ободлиги учун мен масъулман”, деган қараш шакллантирилмоқдаки, бу эзгу ташаббус қисқа вақт ичида ўзининг салмоқли натижасини намоён этди.
Қишлоқнинг “Тинчлик”, “Бодом”, “Истиқлол”, “Жийда” кўчаларидаги хонадонларга тоза ичимлик суви тармоғи тортилиб, марказий тармоққа улашга шай қилиб қўйилди. Яқин вақт ичида шу кунга қадар сувни узоқдан ташиб ичган одамлар йил давомида оби-ҳаёт билан узлуксиз таъминланади. Ҳозирга кунга қадар деярли барча кўчаларда тош-шағал ётқизиш ишлари бажарилиб, шағал қатламни зичлаш, текислаш юмушлари олиб борилаётир. Эскирган симёғочлар ўрнига янги таянч устунлар, трансформатор ўрнатиш, сим тортиш, тунги ёритиш чироқларини монтаж қилиш ишлари олиб бориляпти.
Маҳалланинг адир бўйлаб юқорига йўналган “Тинчлик” кўчасининг икки томонида турли йилларда якка тартибда уй-жой барпо этиш ажратилган ҳудуди ташландиқ ҳолга тушиб, чиқиндихонага айланиб қолган эди. Сабаби ичимлик ва суғориш учун сув йўқлиги, электр тармоқлари тортилмагани туфайли режа бўйича қурилиши керак бўлган 285 та уйдан бор-йўғи 54 таси бунёд этилиб, кўчиб кирилганди. Уларнинг турмуш шароитига ҳам ҳавас қилиб бўлмасди. Эндиликда бу ерда лойиҳалар асосида сув ва электр тармоқлари тортилиб, йўл солинаётгани туфайли фуқаролар ҳам ўзига тегишли ер участкаларида қурилиш ишларини жадаллаштириб юборган.
Ижтимоий соҳа объектларига келадиган бўлсак, қарийб 900 нафар қишлоқ болалари таълим-тарбия олаётган 54-мактаб янгитдан бунёд этилганидан кейин дарс жараёнларини сифатли ташкил имкониятлари кенгайди.
Ҳудуднинг ўсиш нуқталарини тўғри белгилаб олиш, тадбиркорликни ривожлантириш иқтисодиёт соҳасидаги кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатиши баробарида манзиллар ободлиги, ўткир ижтимоий муаммолар ечимида муҳим ўринга эга. Маҳаллада фаолият кўрсатаётган тикувчилик корхонасида тайёрланаётган сочиқ маҳсулотлари бугунги кунда нафақат ички бозор, балки хорижий давлатларга ҳам чиқарилмоқда. Аҳамиятлиси, бу ерда Халқ қабулхоналарига иш сўраб мурожаат қилган фуқаролар, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилган кўплаб юртдошларимиз ҳам меҳнат қилиб, доимий даромадга эга бўлмоқда.
Тадбиркорликка қўл урган Абдуқаҳҳор Каримов бошлаган иш ҳам аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги янгича ёндашув натижаси дейиш мумкин. У Халқ қабулхонаси ва 1-сектор кўмагида адирликдаги сувсиз 1,5 гектар ерни ўзлаштириб, иссиқхона барпо этди. Дастлабки экин сифатида томчилатиб суғориш технологияси асосида помидор етиштирмоқда. Энг муҳими, шу ҳудудда яшовчи 7 нафар хотин-қиз мана шу иссиқхонда иш билан банд бўлиб, рўзғорига барака киритяпти.
Уч нафар нафар вояга етмаган фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялаб, ўстираётган Жамила Рустамова ана шу аёллардан бири. Бундан бир ярим-икки ой илгари ҳам кўримсиз кулбада яшаб келган бу оиланинг турмуш шароити буткул ўзгарди. Туман ҳокимлигининг амалий кўмаги билан шинам бошпанага эга бўлди. Иссиқхонадаги ишидан ташқари, ўзига яқин мактабга ҳам ишга жойланди.
Яна бир тадбиркор Аббосхон Баҳодировнинг мурожаати асосида бўш турган икки қаватли бино фойдаланиш мақсадида унга ажратиб берилгач, объект таъмирланиб, пеноблок ишлаб чиқариш дастгоҳи ўрнатилди. Ҳозир бу ерда маҳаллада яшовчи 4 нафар киши доимий иш билан таъминланди. Шулар қаторида қишлоқда умумий овқатланиш шохобчалари, сартарошхона, ҳаммом сингари аҳолига хизмат кўрсатувчи объектлар қурилиши олиб борилмоқда.
Бундай ишларни туманнинг бошқа маҳаллаларида ҳам кузатиш мумкин. Масалан, “Ўзбекистон” МФЙда шинам маҳалла гузари, хорижий тилларни ўргатиш маркази, касб-ҳунарга ўргатиш, мономарказ иш бошлаган бўлса, 140 ўринли мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилиш арафасида.
Инсон манфаатларини амалда таъминлаш, аҳоли масканлари меъморий қиёфасини янгилаш борасидаги катта қамровдаги саъй-ҳаракатлар Янгиқўрғон тумани аҳолиси ҳаётига ҳам енгиллик олиб кириб, одамлар розилигига сабаб бўлмоқда. Бунга туманнинг чекка, тоғлар бағрида жойлашган қишлоқларида бўлганингизда ҳам гувоҳ бўлишингиз мумкин. Туман марказидан 36 километр, Наманган шаҳридан 70 километр масофада жойлашган “Мамай” ва “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинларида 4 минг 400 дан ортиқ аҳоли 930 хонадонда истиқомат қилади. Денгиз сатҳидан 1 минг 200 метр баландликда жойлашган бу қишлоқлар ўзининг сўлим табиати, тоза ҳавоси, танти ва очиқкўнгил одамлари билан машҳур. Ҳаво ҳарорати пастликда жойлашган ҳудудларникидан анча-мунча фарқ қилади. Наманган ёки Янгиқўрғонда дарахтлар қийғос гулга кирган паллада тоғ қишлоқларида ҳали уйғонмаган бўлади. Аммо одамлар йил-ўн икки ой ҳаракатда, ҳамиша юмуш билан банд.
Шу кунларда ҳам аҳоли бир ёқадан бош чиқариб, қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларига ҳисса қўшмоқда. Кўчаларни, уйлар ташқи деворларни тартибга келтириш, пардозлаш, йўлларни текислаб, шағал тўшаш юмушларига киришилган. Одамларни узоқ йиллардан буён қийнаб келган ичимлик суви, электр энергияси билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Ҳозирга қадар муддатини ўтаб бўлган эски симёғочлар ўрнида 115 та темир-бетон таянчлар, 3 та янги тақсимлаш пункти ўрнатилиб, тармоқлар тортилди. Қишлоқдаги электр тармоқларининг тўлиқ модернизация қилиниши натижасида хонадонлар, муассаса ва тадбиркорлар ёруғлик билан узлуксиз таъминланишига эришилади. Ҳудуддаги қарийб 28 километр ички йўлларда асфальтлаш, шағаллаштириш ишлари бажарилади, 8,4 километр пиёдалар йўлакчаси барпо этилади. Ҳудуддаги 11 та кўчада 16,8 километр узунликда ичимлик суви тармоқлари тортилади ва 3 та сув узатиш иншооти реконструкция қилинади. Аҳоли ва инфратузилма объектларини юқори тезликдаги интернет тармоғи билан таъминлаш учун 20 километр шиша толали магистрал тармоқ ўтказилади.
Маҳаллалар ҳудудидаги мактаб ўқув биноси ҳамда спорт залини, мактабгача таълим ташкилоти, қишлоқ оилавий поликлиникаси биноларини мукаммал таъмирлаш, автобекат фаолиятини йўлга қўйиб, марказ билан боғловчи автобус қатновини йўлга қўйиш, давлат-хусусий шерикчилик асосида маҳалла фуқаролар йиғини биносини қуриш, тикувчилик цехи, умумий овқатланиш шохобчаси, савдо дўкони, сартарошхонани ўз ичига қамраб оладиган замонавий маҳалла гузари барпо этиш, мини футбол майдончаси ташкил этиш каби кўпдан-кўп лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилиши қишлоқлар қиёфасига кўрк бағишлаб, одамлар оғирини енгил қилади, уларни иш билан таъминлашда қўшимча имконият бўлади албатта.
Аҳоли бандлиги ҳақида сўз очилган экан, тоғ қишлоғи шароитида оилавий тадбиркорлик орқали фаровон ҳаёт кечираётган Тўлабоевлар оиласи тўғрисида икки оғиз тўхталиб ўтиш ўринли бўлади. Гулноза Ажибоева қўшни Қирғизистон Республикасидан шу маҳаллага келин бўлиб тушганига 27 йил бўлди. Турмуш ўртоғи Аҳаджон Тўлабоев билан тўрт нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказмоқда. Фарзандларнинг иккитаси олийгоҳ талабаси. Эллик сотихлик қора олхўризор, ўнлаб йилқи, қўй-қўзи қарови асосан оила бошлиғи зиммасида. Биз хонадонда меҳмон бўлган кунимиз ҳам юмуш билан адирга чиқиб кетган экан. Уй бекаси Гулноза опа ҳам сира бўш ўтирмайди. Уйда ўтирган қўшни аёлларни ёнига олиб, касаначилик асосида кўрпа-тўшак, ёстиқ тайёрлашни йўлга қўйган. Ишнинг сифати яхши бўлса керакки, буюртманинг кети узилмайди. Даромадга яраша буромад деганларидек, хонадонда яратилган шароит ҳатто пойтахт уйларидаги қулайликларда қолишмайди.
Бундан кўринадики, агар инсонда интилиш бўлса, энг чекка жойда ҳам шаҳар даражасидан қолишмайдиган шароитда яшаш мумкин экан.
Сафаримиз давомида ана шундай файзли яна кўплаб хонадонларда бўлдик. Масъуллар эса бундай илғор юртдошларимизни бошқаларга ўрнак ва намуна сифатида кўрсатиб, уларнинг тажрибасини оммалаштириш орқали камбағалликни буткул тугатиш юзасидан тегишли чораларни белгилаб олишган. Яъни, камбағалликни тугатиш ободлик ишларининг муҳим таркибий қисми сифатида кўрилмоқда.
Чирой очиб бораётган обод манзилларда яшашнинг гашти ўзгача. Бундай кенг кўламдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш билан бирга, қишлоқларни замонавий қиёфага келтириш, уларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Учқўрғон тумани “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини вилоят марказидан 52 километр олисда, чегарадош ҳудудда жойлашган. Гўзал табиати, тоза ҳавоси, зилол сувлари кишининг ҳавасини тортмасдан қолмайди. Аммо бир неча ўн йиллар давомида эътибор кўрсатилмагани туфайли қишлоқ тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолган эди. Мамлакатимиздаги янгиланишлар эпкини бу узоқ қишлоққа ҳам етиб келди.
Халқ қабулхоналари, секторлар ишчи гуруҳларининг маҳаллабай, хонадонбай ўрганишлари, фуқароларнинг мурожаатлари чуқур таҳлил этилиб, маҳаллада “Обод қишлоқ” дастури доирасида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бажариш режа қилиб олинди. Авваламбор 1 минг 700 нафар киши яшаётган 307 та хонадон обдон ўрганилди, уларда уй эгалари қиладиган иш ҳажми аниқлаб олинди ва амалий ишларга киришилди. Яъни, ҳар бир оила, хонадон эгаси ўз уйи, ўз ҳудуди обод ва кўркам бўлиши учун масъул. Кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилалар ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Туманнинг ички имкониятлари ҳисобидан уларнинг уйларида ҳам таъмирлаш ишларига киришилган.
Уйларни таъмирлаш ва пардозлаш ишларини сифатли ва пухта ташкил этишда маҳаллада яшовчи “Ёшлар дафтари”га киритилган йигитлардан ташкил этилган гуруҳлар яхши самара берди. Аҳамиятлиси, улар ҳам ўз қишлоғи ободлигига ҳисса қўшмоқда, ҳам моддий манфаат топмоқда.
Қишлоқда электр энергияси таъминотини сифатли йўлга қўйиш, аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини ишончли таъминлаш, суюлтирилган газ таъминотидаги узилишлар бўлишига йўл қўймаслик, ички йўлларни асфальтлаш, тош-шағал ётқизиш, пиёдалар йўлакчалари барпо қилиш, алоқа тармоқлари тортиш юзасидан амалга ошириладиган ишлардан маҳалла аҳли мамнун.
Таълим сифатини яхшилаш, ёшларга кенг имкониятлар яратишни кўзлаб маҳалладаги 35-мактаб биносини реконструкция қилиш ва қўшимча корпус, кутубхона, фаоллар зали, ошхона барпо этиш, кичик футбол майдони ташкил этиш мўлжалланмоқда. Ҳозир маҳалла идорасининг ўз биноси йўқ. Бу муаммо дастур доирасида ҳал бўлади. Давлат-хусусий шериклик тамойили асосида маҳалла йиғини биноси, давлат хизматлари маркази филиали, 100 ўринли тикувчилик цехи яхлит мажмуа кўринишида қад ростлайди. Аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт-соғломлаштириш маркази фаолияти йўлга қўйилади.
Эътиборлиси, дастур доирасида ободонлаштириш, аҳоли яшаш шароитини яхшилаш ишлари аҳолининг маънавий оламини бойитиш, маърифий-тарғибот ишлари билан ҳамоҳангликда олиб борилмоқда. Бунда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”даги хотин-қизларга кўмак бериш ҳам йўлга қўйилган. Моҳира Абдуллаева ўзи келин бўлиб тушган хонадонда рўзғорга озгина бўлса ҳам ҳисса қўшиш мақсадида юрган эди. Аввал томорқа билан машғул бўлди. Кейин имтиёзли равишда замонавий тикув машинаси олиб чеварчиликка қўл урди, қўшимчасига маҳалла фаолларининг ёрдам билан ҳудудда янги ташкил этилган тикувчилик корхонасига ишга жойлашди. “Энди томорқа, уйдаги тикиш-бичиш, қолаверса, корхонадаги иш ҳақи билан даромадим икки баробарга ортди”, дейди у.
Бир сўз билан айтганда, олис қишлоқда бошланган бунёдкорлик ишлари “Бўстон”нинг исми жисмига мос маҳаллага айланишига асос бўлади. Натижада бу ерда истиқомат қилаётган 1 минг 700 га яқин аҳолининг турмуш тарзи тубдан ўзгаради. Шунда биз ҳам “Бўстон”да, тўғрироғи “Янги бўстон”да яна меҳмон бўламиз.