Ўзбекистон Президенти бугун бўлиб ўтган йиғилишда банкларда учраётган коррупция ҳақида гапирди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, Шавкат Мирзиёев йиғилишда Саноатқурилишбанк ходимларидан бири миллионлаб евроларни талон-тарож қилганини ва шу учун у ҳибсга олинганини айтган. Давлат раҳбари ҳар бир банк раҳбарига «нимада айбланаётганини кўриш, фарзандларини кўз олдига келтириши учун» суд жараёнида иштирок этишни таклиф қилди.
Шунингдек, Президент йиғилишда Марказий банк раҳбарига ишонишини, лекин унинг тизимига ишонмаслигини таъкидлаб ўтди. Шавкат Мирзиёев «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Ипотекабанк»ни «коррупциядан ҳоли банкка» айлантириш кераклигини айтиб, ушбу ишни амалга оширишни масъулларга топширди ва уларга бир ой муҳлат берди.
Давлатимиз раҳбари барибир талон-торож қилаётганларнинг тагига етишини, коррупцияни илдизи билан қуритмай туриб, натижаларга эришиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.