Феруз Абдуллаев Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов Конференциясида вақтида ташкилотнинг янги раиси этиб сайланди. Бу ҳақда "Халқ сўзи online" хабар қилмоқда.
Конференция иштирокчилари бир овоздан номзод сифатида кўрсатилган Абдуллаевни қўллаб-қувватлаган. Шу тариқа, Феруз Абдуллаев Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясининг янги раисига айланган. Абдуллаев бу лавозимга собиқ Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев ўрнига тайинланган.
Маълумот учун, Феруз Абдуллаев 1976 йилда Самарқандда таваллуд топган. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келади. GoSport.uz маълумотларига кўра, Абдуллаев Самарқанддаги энг йирик гилам ишлаб чиқарувчи корхоналардан бири SAG (Sam Antep Gilam) компанияси раҳбари саналади.
“Билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдираман. Бу спорт мен учун бегона эмас. Мамлакатимизда от спорти сўнгги 5-6 йилда ривожланди дея оламан. Насиб қилса, биргаликда ҳаракат қиламиз ва мазкур спорт турини янада ривожлантирамиз. Бошқа вилоятларда ҳам от спорти йўналишларини кучайтирамиз”, – деди Феруз Абдуллаев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 29 октябрь куни барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслик борасидаги жавобгарлигини ошириш тўғрисида фармонига мувофиқ, ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис Зойир Мирзаев Зойир Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозимидан озод этилганди.
Орадан 10 кун вақт ўтиб, Мирзаев Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани ҳокими этиб тайинланган.