Президент матбуот хизматининг маълумот беришича, давлатимиз раҳбарининг қўшни мамлакатга сафари чоғида “Кўҳи Борбад” санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида концерт бўлиб ўтган. Ушбу концерт олдидан Шавкат Мирзиёевга Тожикистоннинг юксак мукофоти - I даражали «Зарринтож» ордени берилган. Уни Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон тантанали равишда топширган.
Давлатимиз раҳбари юксак эътибор учун миннатдорлик билдириб, ушбу мукофот катта ҳурмат ва ишонч ифодаси, халқларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар эътирофи эканини таъкидлади.
Бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни ривожлантириб, катта мақсадларимизга эриша оламиз. Биз доим бир-биримизга таянч бўлишимиз, ҳар қандай қийинчилик ва синовларни елкама-елка енгиб ўтишимиз лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.