Президент Халқ қабулхоналари Қарши шаҳри, Шаҳрисабз, Ғузор ва Косон туманларида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилган оммавий қабуллар Қашқадарё воҳаси аҳолисини ўйлантираётган масалаларни яна бир бор ич-ичидан чуқур ўрганиш, вилоятда мазкур йўналишдаги мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини танқидий таҳлил қилиш, бу борадаги тизимли муаммоларни амалда ҳал қилиш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш имконини берди.
Уч кунлик қабулларда Олий суд масъуллари вилоят, туман-шаҳарлар судлари билан бирга 391 та масалани кўриб чиқди. Мурожаатларнинг 146 тасига жойида ечим топилди.
Қабулларда келиб тушган мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар, Қарши, Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ, Деҳқонобод, Қамаши, Нишон ва Косон туман судлари томонидан 52 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод қилинди, Қарши шаҳар, Нишон туман ва Косон туман судлари томонидан эса 15 нафар шахсга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш ва озодликни чеклаш жазолари енгилроғи билан алмаштирилди.
Косон туманидаги жазони ижро этиш колониясида ўтказилган сайёр суд мажлисида ҳам ҳеч бир маҳкум айбини инкор қилмади. Фақат билиб-билмай тўғри йўлдан тойганини, жиноят кўчасига кириб қолганини, қилғилиги оқибатини англаб етганини, қилмишига минг пушаймонлигини айтиб, ҳаётини ўнглаши учун яна бир имкон сўради. Судда барча жиҳатлар инобатга олиниб, 6 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этилди, 7 нафар маҳкумга белгиланган жазо енгилроғига алмаштирилиб, улар ҳам оиласи бағрига қайтарилди,17 нафар маҳкум манзил колониясига ўтказилди. Маҳкумларни кўрсангиз, кўпи ёш-ёш йигитлар, қонунларни ҳурмат қилмаслик, тарбиясизлик, тўғри яшашнинг қадрига етмаслик уларни бу ерга олиб келган. Пойтахтлик Муроджон Тўлаганов ҳам тўғри йўлдан адашиб, гулдек умрининг 7,5 йилини тиканли сим ортида ўтказди. Шу даврда кўзи очилди, қонунларга бўйсуниб, тинч ва тўғри яшашнинг қадрига етди. Мурожаатларидан сўнг давлатимиз унга ҳам издан чиққан ҳаётини ўнглаб олиши учун яна бир имкон берди. Шу боис ҳам унга нисбатан белгиланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмай қолган 10 ойу 28 куни ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилиб, у жазони ўташдан муддатидан олдин, лекин шартли озод қилинди. Шарт шуки, бу йигит агар яна йўлдан озиб, жиноят кўчасига кирса, энди жазо жуда оғир бўлади.
Жиноят ишлари бўйича Нишон туман судининг Қарши шаҳридаги жазони ижро этиш колониясида ташкил қилинган очиқ суд мажлисида ҳам 32 нафар шахсга инсонпарварлик далолатномаси қўлланилди. Жазо муддатини маълум қисмини ўтаган, муносиб хулқ атворда бўлган, тузалиш йўлига ўтган 7 нафар маҳкум муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод қилинди, 3 нафарининг озодликдан маҳрум қилиш жазоси аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди, 22 нафар маҳкум қаттиқ тартибли колониядан манзил колониясига ўтказилди. Жумладан, жиззахлик Ўктам Алиев ҳам 2019 йили фирибгарлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ жиноятларни содир қилгани учун 2 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Бу маҳкум ҳам панжара ортида муносиб жазосини олди, айбидан тўғри хулоса чиқарди, тартиб-қоидаларни бузмади, қилмишига пушаймон бўлиб, тавба қилди. Унинг ва оила аъзоларининг мурожаатларидан сўнг суд барча томонни тинглаб, Ўктам Алиевни ўталмай қолган 3 ой 3 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосидан шартли равишда озод этди.
2017 йилда мубораклик Абдураҳмон Маҳманазаровнинг хусусий савдо дўкони бузилган бўлса-да, унга бунинг эвазига ҳеч қандай компенсация тўланмаган. Оммавий қабул Абдураҳмон ака учун ҳам айни муддао бўлди. Олий суд масъулларига бор дардини тўкиб солган Абдураҳмон Маҳманазаровнинг масаласи шу куннинг ўзида фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро судининг сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд унинг даъвосини қаноатлантириб, Абдураҳмон Маҳманазаров фойдасига 64 миллион сўм компенсация ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди. Китоб туманидаги “Шамс нур саховати” фермер хўжалигининг Китоб тумани ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси ҳам қаноатлантирилиб, фермер хўжалигининг бузилган ҳуқуқлари суд томонидан тикланди.
Шунингдек, мурожаатлар асосида 55 та алимент, битта иш ҳақи ундириш, 3 та пенсия тайинлаш юзасидан суд буйруқлари ҳам чиқарилиб, ижрога қаратилди.
Мулоқотлар натижасида 106 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди. Бу билан 106 нафар инсон олис йўл босиб пойтахтга бориш ўрнига ўзи уларнинг ҳузурига келган Олий суд мутасаддилари қўлига аризаларини бевосита топшириш, бу ишлар бўйича барча саволига Олий суд масъулларидан жавоб олиш имконига ҳам эга бўлди.
Бош прокуратура масъуллари кўриб чиққан 110 та масаланинг 76 таси бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди. Дейлик, чироқчилик Абдулла Раҳматиллаев ва Умид Отаевнинг муаммоси битта: 7 йил аввал Чироқчи озиқ-овқат деҳқон бозори реконструкция қилинган вақтида уларнинг бозор ҳудудидаги савдо дўконлари бузиб ташланган, бироқ 2014 йилдан бери уларга компенсация тўланмаган. Ҳолбуки, бу масала суд тартибида кўрилган, фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туман судининг қарорига кўра етказилган зарар учун Абдулла Раҳматуллаевга 145,3 миллион сўмдан зиёд, Умид Отаевга эса қарийб 100 сўм компенсация ундирилиши белгиланган. Уларнинг оммавий қабулдаги мурожаатларидан сўнг вилоят прокуратурасига 7 йилдан бери ижроси осилиб турган мазкур суд қарорларининг ижросини зудлик билан таъминлаш бўйича қатъий топшириқ берилди.
Шаҳрисабзлик Сайфулла Ўринов 2019 йилда тижорат банкдан олинган кредити бўйича тайёрланган ҳужжатлар сохталаштирилганидан шикоят қилди. Мурожаатга асосан бу масала тез фурсатда назорат тартибида ўрганиб чиқиладиган, зарур бўлса, ҳужжатлар экспертизадан ўтказиладиган бўлди. Ғузорлик Дилмурод Сафаровнинг арз қилишича, унинг номида бўлган ерни бошқа кимсалар ўзлаштириб олиб, камига яшаш учун уй ҳам кўтарибди. Бош прокуратура масъуллари бу мурожаатни ҳам назоратга олди. Ғузорлик Жума ва Жўрабек Ҳайитовларнинг мурожаатларидан сўнг туман ҳокимлиги бу ака укага такрорий экин экиб, даромад топиш учун 1 гектар ер майдони ажратиб берадиган бўлди.
Ички ишлар вазирлиги масъуллари кўриб чиққан 131 та мурожаат бўйича уч йигит ички ишлар органларига ишга қабул қилинди, 29 нафар фуқаронинг Ўзбекистон Республикаси паспортини олиш билан боғлиқ муаммолари ҳал қилиб берилди. Қарийб 100 та мурожаат бўйича масъулларга аниқ муддатли топшириқлар берилиб, Президент Халқ қабулхонаси ва Ички ишлар вазирлиги томонидан назоратга олинди. Хусусан, Деҳқонобод туманидаги “Бек Биё Импекс” МЧЖ иш юритувчиси Насриддин Отақуловнинг арз қилишича, уларнинг корхонасига тегишли 614 гектар ер майдони туман ҳокими қарори билан хатлов ўтказилмасдан олиниб, бошқа кластерга бериб юборилган. Ҳолбуки улар 2018 йилда 3 минг гектар лалми ерга коврак уруғи экиб, 20 миллиард сўмлик лойиҳани амалга оширгани ва 350 та мавсумий иш ўрни яратганини даъво қилишмоқда. Бу масала ҳам ўрганилиб, адолатли ҳал қилиб бериладиган бўлди.
Муборак тумани Ёшлик маҳалласида истиқомат қилувчи Маъруф Хусаинов ҳам қабулга кўпнинг дарди билан келди. Унинг арз қилишича, ҳудуддаги намунавий лойиҳалар бўйича қурилган уйлар ниҳоясига етказилмай ташлаб кетилган. Чала битган уйларнинг эгалари эса уч йилдан буён сарсон. Ваҳоланки, уйларнинг бошланғич тўловлари қопланган, кредитлари ҳам ойма ой тўлаб бориляпти, лекин ишни чала қилиб кетган қурувчилардан дарак йўқ. Мурожатчиларнинг қурувчи пудратчи ҳамда буюртмачи қишлоқ қурилиш инвест ташкилотининг мансабдор шахсларига нисбатан иш материалларини кўриб чиқиш вилоят ИИБ Тергов бошқармаси зиммасига юклатилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Оммавий қабуллар давомида вилоят ҳаёти билан боғлиқ тизимли муаммолар ҳам аниқланиб, уларни ҳал қилиш учун чора-тадбирлар белгиланди. Дейлик, Шаҳрисабз тумани халқ таълими бўлими методисти Дилмурод Тилавов бу қабулга таклиф билан келди. Унинг айтишича, туман марказидан 50-55 км узоқда жойлашган 16 та умумтаълим мактаби бор, аммо улардан бор йўғи тўрттаси энг олис мактаблар руйхатига киритилган, қолган 12 та мактаб ҳам бу рўйхатга қўшилса, олис қишлоқларга қатнаб дарс бераётган ўқитувчиларга қўшимча устама тўлаш имкони яратилади.
Мурожаатдан сўнг Президент Халқ қабулхонаси вилоят халқ таълими бошқармаси билан бирга шу мурожаат асосида вилоятнинг барча ҳудудидаги худди шу муаммоларни тизимлаштириб, бу масалани республика даражасигача кўтариб, ижобий ҳал қилинишини таъминлайдиган бўлди.
Умумлаштириб айтсак, уч кун давомида Қашқадарё вилоятининг барча ҳудуди аҳолиси қамраб олинган оммавий қабулларда 827 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 225 таси жойида ҳал этилди, 228 та мурожаат эгасига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 374 та мурожаат назоратга олинди.