Фикримиз исботини давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига ташрифи чоғида кўрдик, гувоҳи бўлдик. Негаки, бугун вилоят аҳлининг кайфияти юқори, эртанги кунга ишончи баланд. Кимдир мамлакат раҳбари билан бўлиб ўтган мулоқотдан қувончини яширолмаса, бошқаси бу ҳудуд яқин келажакда улкан ўзгаришларга, янгиланишларга юз тутишини айтиб, эртага бугунгидан ҳам яхшироқ яшаш учун енг шимариб меҳнат қилаётир.
Президентимиз аввал қўйилган вазифалар ижросини кўриш, маҳаллалардаги шароитни ўрганиш, аҳолини ўйлантираётган муаммолардан келиб чиқиб, навбатдаги режаларни белгилаш мақсадида 17-18 июнь кунлари ушбу вилоятда бўлди. Мазкур ташрифни нафақат вилоят аҳли, балки барча юртдошларимиз катта қизиқиш билан кузатиб борди.
Хориждан келтирилаётган материаллар маҳаллийлаштирилади
Андижон халқи азалдан меҳнаткаш, деҳқончиликнинг ҳадисини олган, ерни яхши кўради. Вилоятда аҳолининг кўпчилиги иссиқхона барпо этиб, томорқанинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланади, йилнинг тўрт фаслида ҳам иссиқхонада меҳнат қилиб, яхши даромад олади.
Масалан, Пахтаобод туманидаги инновацион иссиқхонанинг ўрни илгари тош-шағал карьери бўлган. Ердан унумли фойдаланиш сиёсати натижасида у экинзорга айлантирилди. “Мега агро” масъулияти чекланган жамияти бу ерда Испания технологияси асосида иссиқхона барпо этди. Бу технологияда экин полиэтилен қувурчалар орқали суғорилади.
Тадбиркор учун 16 гектар ер ажратилган. Шундан 6 гектарида очиқ ва ёпиқ иссиқхона ташкил этилган. Яна 2 гектарда Туркия ва Испаниядан олиб келинган замонавий ускуналар ўрнатилмоқда. Иссиқхоналарда “Айсберг” карами, помидор, бодринг, уларнинг кўчатлари ва ҳар хил кўкатлар етиштирилади. Бу маҳсулотларни нафақат юртимиз бозорларига, балки хорижга ҳам экспорт қилиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари мазкур иссиқхонани кўздан кечириш чоғида Андижонда металл конструкциялар корхонаси ташкил этиб, четдан сотиб олинаётган материалларни маҳаллийлаштириш, хусусан, иссиқхона деталларини ишлаб чиқариш бўйича топшириқлар берди. Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти вилоятда аграр соҳани инновацион ривожлантиришга акселератор бўлиши кераклиги таъкидланди.
Муболағасиз айтиш мумкинки, ҳар қанча қийин бўлмасин, катта марраларни мақсад қилиб қўйиб, ташаббус кўрсатиб, фидойилик билан меҳнат қилинса, албатта, бу ишларни амалга оширса бўлади. Вилоятда бундай корхонани ташкил этиш учун зарур шароитлар ҳам, мутахассислар ҳам етарли. Агар бу ерда металл конструкциялар корхонаси ташкил этилса, янги-янги иш ўринлари яратилади, миллиардлаб маблағлар ўзимизда қолади.
Ҳар бир хонадонга бизнес-режа ёзиб берилади
Избоскан туманидаги Урганжи маҳалласида 3 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бу йил 915 ўринли умумтаълим мактаби таъмирдан чиқарилди. Барча кўчалар обод бўляпти. Ўнлаб кичик бизнес субъектлари аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Дастур бўйича гузардаги бино қайта реконструкция қилиниб, оталар чойхонаси, озиқ-овқат дўкони, сартарошхона, “Street Workout” спорт майдончаси, "Рақамли маҳалла" IT-маркази бунёд этилди. IT-марказида болалар компьютер саводхонлиги, киберспорт, дастурлаш каби амалларни бажаришни ўрганяпти.
Одамларнинг ўзи ҳам ҳунарманд, миришкор. Жумладан, деҳқончилик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга 10 сотихдан ер ажратиляпти. Маҳалладаги 150 та хонадонга 50 тадан парранда берилиб, ўзини ўзи банд қилиши таъминланган.
Давлатимиз раҳбари мазкур маҳаллада бўлиб, шу ерлик Қурбонали Ўринбоевнинг яшаш шароити билан танишди, маҳалла вакиллари билан дилдан суҳбат қилди. Энди ҳар бир хонадоннинг имкониятидан келиб чиқиб, бизнес-режа ёзиб берилишини, давлат ташкилотлари шароит яратиб беришини билдирди. Бу эса ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракцияси аъзолари зиммасига жуда катта масъулият юклайди. Бу борада биз одамларга ердан тўғри фойдаланишни, томорқадан йилига икки-уч маротаба ҳосил олишни ўргатамиз.
Хитой файласуфларидан бири айтганидек, “Оч қолган инсонга балиқ берсанг, унинг бир кунлик қорнини тўйдирасан. Агар унга қармоқ бериб, балиқ овлашга ўргатсанг, уни бир умр очликдан қутқарасан”. Шундан келиб чиқиб, биз халқ вакиллари аҳолига бизнесни бошлашга имкониятлар, қулайликлар яратиб берсак, одамларни томорқасида етиштирган маҳсулотларини сотишига кўмаклашсак, бу орқали юз минглаб фуқароларимизни иш билан, даромад билан таъминлашга эришган бўламиз.
2 минг 500 та якка тартибдаги уйлар қурилади
Халқимизда “Уйи борнинг ўйи бўлмайди” деган нақл бор. Бу – рўзғор бутлиги, кўнгил хотиржамлиги ва фарзандлар камоли учун шахсий турар жойнинг ўрни жуда муҳим эканига ишорадир. Чунки инсон борки, ўз уй-жойи, бошпанаси бўлишини истайди ва шунинг учун интилади.
Ҳозирги кунда вилоятда аҳоли зич жойлашгани сабабли уй-жой масаласи жуда долзарбдир. Президентимиз вилоятга аввалги ташрифи чоғида Андижон туманидаги адирликларда янги шаҳар қуриш ташаббусини илгари сурган эди. Ўтган вақт давомида туркиялик мутахассислар билан биргаликда лойиҳа ишлаб чиқилиб, шу йил 12 апрель куни тақдимот қилинганди. Давлатимиз раҳбари уй-жойларни пухта лойиҳалаштириш, ҳудудда кўпроқ боғ ва хиёбонлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берганди.
Мамлакатимиз раҳбарининг вилоятга бу галги сафари доирасида ушбу янги шаҳар қурилишига тамал тоши қўйилди. Бу қурилиш халқимиз бунёдкорлигини намоён этадиган тарихий воқеа бўлди. Умумий майдони 4 минг гектар бўлган янги шаҳарнинг 2 минг гектар қисмида уй-жойлар, ижтимоий объектлар, саноат зоналари, хизмат ва сервис объектлари қурилади. Президентимизнинг кўрсатмасига мувофиқ, яна қарийб шунча майдонда яшил ҳудуд барпо этилади.
Янги шаҳар лойиҳаси 8 та босқичда амалга оширилиб, унинг коммуникация тармоқларини бошлаш учун жорий йилда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ажратилади. Бунда 33 километр ичимлик суви тармоғи, 52 километр автомобиль йўли, 18 километр электр ва 27 километр газ тармоқлари қурилади.
Эътиборга молик томони, биринчи босқичда 3 минг 310 та квартирали 170 та кўп қаватли уй-жой, 1 минг 680 ўринли мактаб, 385 ўринли боғча, 200 қатновли поликлиника қурилиб, шаҳар қурилиши даврида 10 мингдан ортиқ, кейин эса саноат, савдо, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш соҳаларида жами 100 мингга яқин доимий иш ўринлари яратилади. Натижада янги Андижон халқимиз бахтли, фаровон яшайдиган обод масканга айланади.
70 минг гектар майдон иккиламчи ижарага берилади
Андижон шаҳрида вилоят фаоллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда энди Андижонда кечагидек яшаш мумкин эмаслиги, агар жойлардаги тўртта сектор раҳбарлари ватанпарвар бўлса, ҳоким замонавий, ҳозирги ислоҳотларни тушунадиган бўлса, ўша жойда албатта ўзгариш бўлиши таъкидланди.
Вилоятда ғалладан бўшайдиган 70 минг гектар майдонни иккиламчи ижарага бериш орқали 220 минг ишсиз аҳоли бандлиги таъминланиши айтилиб, қишлоқ хўжалигига мутасадди раҳбарларга бир ой муддатда такрорий экинларни тўлиқ экишни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Жорий йил охирига қадар қўшимча 9 минг гектар яйлов ерларни фойдаланишга киритиш бўйича манзилли дастурни тасдиқлаб, ижросини таъминлаш кераклиги билдирилдики, бу кўплаб ёшлар бандлигини таъминлаш, бозорларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдиришга хизмат қилиши муқаррар.
Йиғилишда вилоятдаги ўзлаштирилмаган адир ерларда камида 500 гектар иссиқхона массивларини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилиб, ушбу ерларни ўзлаштириш, инфратузилма, иссиқхоналарни қуриш ва уларни аҳолига кредит асосида бериш учун 400 миллиард сўм ажратилиши тадбиркорларни ҳам, аҳолини ҳам мамнун этди.
Вилоят ҳокимлигига 1 октябрга қадар иссиқхоналарни қуриб, аҳолига 10-15 сотихдан ажратиш ҳамда уларга маҳсулот учун буюртма берадиган ва сотиб оладиган экспортёрларни бириктириш вазифаси топширилди. Пахтаобод туманидаги “Мега агро” инновацион корхонасининг экспортбоп маҳсулот етиштириш тажрибасини бошқа туманларда ҳам кенг жорий этиш зарурлиги айтиб ўтилдики, бу яқин келажакда ўз самарасини беради.
Бизнесни қўллаб-қувватлашга 100 миллион доллар ажратилади
Иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, иш ўринлари ташкил этиш бугун ғоят муҳим масалалардан саналади. Жамиятда камбағаллик ва ишсизликка барҳам беришни кўзда тутувчи, аҳолининг энг қийналган, шароити оғир қатламларини қамраб олувчи “дафтарлар” тизими ҳам, мазмун-моҳиятига кўра, жуда содда ва самарали усул экани аллақачон исботланди. Ҳозир бу тизим орқали амалга оширилган улкан ишлар, хайрли ҳаракатларни сўз билан ифодалаб бўлмайди.
Ўтган қисқа вақт мобайнида бу тизим орқали Андижон вилоятида кўплаб фуқароларнинг бандлиги таъминланди, аҳолининг турмуш шароити яхшиланди, минглаб одамларнинг қалбида яшаш шавқи пайдо бўлди, ҳаётдан розилиги ортди. Энди бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб, аҳолининг азалдан шаклланган кўникмаларидан келиб чиққан ҳолда, энг самарали “ўсиш нуқта”лари сифатида – ҳунармандчилик, томорқа ва иссиқхона хўжалиги, боғдорчилик, гулчилик, паррандачилик каби йўналишлар белгилангани, ҳар бир маҳаллага салоҳиятли тадбиркорлар бириктирилиб, зарур маблағлар йўналтирилиши, давлатимиз раҳбарининг одамларни рози қилиш, уларни бахтли ва фаровон яшашлари учун барча чораларни кўришга тайёр эканини яққол тасдиғи эмасми!?
Жорий йилда вилоятда ўрта ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларни молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қўшимча равишда 100 миллион доллар ажратилиши давлатнинг бизнес вакилларига юксак даражада эътибор қаратаётганини амалда аниқ ифодалаб берди. Аёнки, бизнес ривожланса, янги иш ўринлари яратилади, камбағаллик қисқаради, минг-минглаб одамлар даромад манбаига эга бўлади. 2021-2022 йилларда вилоятда умумий қиймати қарийб 20 триллион сўм бўлган 584 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 60 мингта янги иш ўрни яратилиши эса кўплаб ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни илҳомлантириб юборди.
Хулоса шуки, охирги йилларда эртанги кунни ўйлаб қабул қилинган истиқболли режалар самарасида Андижон жадал янгиланиб бораётган илғор вилоятлар қаторидан жой олди. Бугун вилоят аҳли давлатнинг амалга ошираётган сиёсати самимийлигини ҳаётида, турмушида ҳис қилиб, буни баралла эътироф этяпти. Бу галги ташриф давомида белгилаб берилган аниқ вазифалар, йирик лойиҳалар эса вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
O'zLiDeP фракцияси раҳбари
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
O'zLiDeP фракцияси раҳбари