Унда бугунги кунда партия олдида турган бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Таъкидландики, мамлакатимизда кейинги беш йилда барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараён давом этаётган бўлиб, Ўзбекистон янги уйғониш даври, Учинчи Ренессансга қадам қўймоқда.
Мислсиз янгиланишлар жараёни сиёсий партиялардан ҳам янада фаолликни оширишни, ўз фаолиятини бугунги талаблар даражасидан келиб қайта кўриб чиқишни талаб этмоқда.
Мана шундай талаблар ўлароқ O‘zLiDeP халқ билан бевосита мулоқот тамойилини ўз фаолиятига кенг жорий этмоқда. Булар тадбиркорлар билан, фермерлар билан, аҳолининг турли қатламлари вакиллари билан амалга оширилаётган доимий учрашувлар, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва ҳал қилишга қаратилган ҳаракатларда ўз аксини топмоқда. Аҳоли билан мулоқотларда бутунлай янгича, жонли ва халқчил усуллардан фойдаланмоқда. Партия раҳбарияти ва фаолларининг, депутатлик корпуси вакилларининг аксарият вақтини жойларда аҳоли орасида ўтказишга ҳаракат қилаётгани ҳам партиянинг имкон қадар халқимиз билан бирга бўлиш, уни ўйлантираётган масалалар ичида бўлишга интилаётганидан далолат беради. Партия тузилмаларида аҳоли мурожаатлари, шикоятлари билан ишлаш тизими йўлга қўйилгани аҳоли билан бевосита ишлаш борасида амалга оширилаётган муҳим ишлардан бири бўлди.
Партия томонидан парламентдаги ўз фракцияси орқали мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларда ҳам мутлақо ўзгача ёндашувлар жорий этилмоқда. Депутатлар томонидан киритилаётган ташаббусларнинг сони ўтган чақириқнинг шу даврига нисбатан икки борабар ошганлиги, уларнинг аксарияти айнан бугун аҳолини ўйлантираётган масалалар ечимига қаратилганлиги шундан далолат беради.
Маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари орқали жойларда қонунлар ва давлат дастурлари ижроси устидан қатъий назоратни йўлга қўйишга бўлган интилиш, бу борада сессияларга киритилаётган масалалар, депутатлик сўровлари сонининг кескин ошганлигида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, 2015-2016 йил 6 ойи ҳамда 2020-2021 йил ойи давомида эшитувлар сони 1600 дан 3100 тага, сессияга киритилган масалалар сони 700 тадан 1800 тага, сессияда қабул қилинган қарорлар сони 500 тадан 1400 тага ва депутатлик сўровлари сони 6 мингдан 21 мингтага етди.
Буни кейинги вақтда O‘zLiDeP ўз фаолиятини мутлақо қайта кўриб чиқиш, уни максимал даражада халқ манфаатларидан келиб чиқиб ва унга яқин бўлган ҳолда амалга ошириш йўлида амалга ошираётган саъй-ҳаракатларининг самараси сифатида баҳолаш мумкин.
Партияни аҳоли дардларига яқин сиёсий тузилма сифатида ребрендинг қилиш борасида амалга оширилган ушбу ишларнинг биринчи босқичи якуни бугунги кунга келиб O‘zLiDePга бўлган ишонч, аҳоли томонидан унинг ғояларини қўллаб-қувватловчилар сони изчил ошиб бораётганида ўз аксини топмоқда.
Хусусан, кейинги уч йил ичида партия аъзолари сони 400 мингдан
1 миллионга етганлиги ва тинимсиз оша бораётганлиги, бошланғич партия ташкилотлари сони 13500 дан ошганлиги бугун партия сафларида туриб мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол қатнашиш истагида бўлганлар сони ошиб бораётганлигини яққол далилидир.
Мана шундай бир даврда O‘zLiDeP партия ребрендингида янги бир қадамни амалга оширишга киришмоқда.
Қайд этиш керакки, партия ребрендинги, унинг ўзгараётганлиги тўғрисида гап кетганда албатта нафақат ғоялари, фаолияти, балки, асосий рамзи (логотип) га тўхталмаслик мумкин эмас.
Партия фаолиятидаги ўзгаришлар албатта унинг тимсоли бўлган логотипида ҳам акс этишини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Кейинги уч ой давомида аҳоли билан бўлган турли учрашувлар, мулоқотларда ҳам ушбу масала юзасидан жамоатчиликнинг фикри ўрганиб борилди. Партия фаоллари, кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларидан сўнг шу маълум бўлдики, бугунги талаблар даражасига мос равишда ўзгариш O‘zLiDePнинг логотипида ҳам ўз аксини топиши керак. Бошқача айтганда, партиянинг янги логотипи O‘zLiDeP ислоҳотларнинг янги босқичида ўз олдига қўяётган улкан мақсадларни ўзида тўла акс эттира оладиган логотип сифатида гавдаланиши зарур. Токи, бутун ҳалқ ва халқаро жамоатчилик ушбу рамзда O‘zLiDeP бугунги кунда ўз олдига қўйган мақсадлар аксини кўра олсин.
Масала атрофида бўлиб ўтган мунозаралардан кейин, ушбу мақсад ва вазифаларни амалга ошириш мақсадида тегишли Ишчи гуруҳини шакллантириш тўғрисида фикрлар кўриб чиқилди.
Ушбу масалани партия Сиёсий Кенгашига киритгунгача бўлган даврда логотип бўйича партия аъзолари ва аҳоли вакиллари фикрларини ўрганиш учун барча вилоятларда муҳокамаларни ташкил қилиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Янги логотип имкон қадар кўпроқ аҳоли вакиллари ва партия аъзолари фикрларини ўзида қамраб олган хақиқий халқчил логотип сифатида шаклланишига эришиш зарурлиги таъкидланди.
Масаланинг муҳимлиги ва партия учун аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда уни партия Сиёсий Кенгашининг кейинги мажлисида кўриб чиқиш ва ушбу йиғилишни июль ойининг биринчи декадасида Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида фикрлар билдирилди.
Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан партия Ижроия қўмитасининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
O‘zLiDeP матбуот хизмати