Президент Халқ қабулхоналари Андижон вилоятининг Андижон, Бўстон, Асака ва Қўрғонтепа туманларида ўтказган сайёр қабуллар жараёнида барча туман ва шаҳарлардан келган фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилди. Қабуллар доирасида ҳудудларда сайёр судлар ҳам ташкил этилиб, бунда муқаддам жиноят содир этиб, ҳозир жазо муддатини ўтаётган, тузалиш йўлига қаътий ўтган шахсларнинг ўталмай қолган жазо муддатидан шартли равишда озод қилиш бўйича ички ишлар органлари пробация гуруҳлари томонидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.
Салоҳиддин Мамажонов ҳамда Фурқат Парпиевлар эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этиб, уларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминлаган эди. Жазо муддатини ўтаб келаётган ушбу шахсларнинг пушаймонлиги, жазо муддатини ўташ даврида қонунларга тўла риоя этганлиги сайёр судда инбоатга олиниб, қилмишлари кечирилди.
Қаҳрамон Қорашеров ҳам бугун қилган ишидан пушаймонда. Содир этган жинояти учун унга жазо муқаррарлиги таъминлаган. Аммо, тузалиш йўлига қаътий ўтганлиги, ҳалол меҳнати билан намуна бўлиб, жазони ўташ давридаги хулқ-атвори инобатга олиниб, унинг айби ҳам сайёр судда кечирилди.
Хуршид Қодиров Балиқчи туманида туғилган. Фирибгарлик жинояти туфайли ўтган йилда суд қарорига асосан икки йил ахлоқ тузатиш ишлари бўйича жазо тайинланган. Сайёр суд жараёнида белгиланган муддатнинг ярми ўташ даврида наъмунали хулқи, тузалиш йўлга ўтганлиги инобатга олиниб, муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди.
Олий суд вакиллари жиноят, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ишлар бўйича 345 нафар фуқарони қабул қилган бўлса, 117 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожатлар қаноатлантирилди, 198 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 30 та мурожаат юзасидан аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида хал қилиш учун қабул қилинди ва тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди.
Бош прокуратура вакиллари қабулига ҳам кўплаб фуқаролар ўз муаммосига ечим излаб келди.
Тадбиркор Элёрбек Райимжоновнинг фаолиятини янада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ниятида экани, аммо кредит олиш муаммо бўлаётганини айтиб қилган мурожаати ижобий ҳал этилди. Унга банк томонидан 30 миллион сўм кам фоизли кредит маблағи ажратиб бериладиган бўлди.
Бахтиёр Йўлдошев Бўстон туманининг “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 100 ўринли мактабгача таълим ташкилотидаги жиҳозларни янгилаш учун банкдан кредит маблағи сўраган. 160 миллион сўм кредит ҳадеганда чиқавермади. Ноилож тадбиркор қабулда бўлиб, ҳолатни тушунтирди. Ўрганишлар унча кўп вақт талаб қилмади, тадбиркорнинг кредити куннинг иккинчи ярмида ажратиб бериладиган бўлди.
Асакалик Моҳинур Деҳқонова ёш тадбиркор. У ишлаб чиқараётган пишириқларини ўзи яшаётган “Тажриба” маҳалла фуқаролар йиғини ўрамида сотаётганди. Маҳсулотлари харидоргир бўлганлиги туфайли қисқа курсда ўқиб, билим ва малакасини янада оширди. Шундан сўнг, иш фаолиятини кенгайтириб, янги шогирдлар олишни ният қилганди. Бунинг учун албатта маблағ керак. Шу боис, оммавий қабулга келиб, кредит олишда юзага келган муаммони ҳал этишда ёрдам сўради. Мурожаат шу жойда ўрганилиб, ҳал этилди.
Иш топишда амалий ёрдам сўраб қабулга келган Мадина Акбарова ҳамда Одина Ғофуровларнинг ҳам муаммоси ижобий ҳал этилиб, улар тикувчилик йўналишида ўз ҳудудидаги трикотаж корхонасига ишга қабул қилинди.
Мана бу аёл эса йил бошида аёллар дафтарига киритилган. Андижон туманининг Бўтакара қишлоғи “Оқ роввот” маҳалла фуқаролар йиғини Қўрғонча кўчасида истиқомат қилади. Кам таъминланган фуқаролар рўйхатига кирган аёл имтиёзлардан фойдаланиш мақсадида банкка мурожаат қилди. Таажубки, унинг номида 30 миллион сўмлик кредит мавжуд ва у тадбиркор сифатида фаолият юритмоқда экан. Маҳалла раиси “темир дафтар”даги аёл номига бошқа бир инсонга кредит олиб бергани уни анча ташвишга солган. Шаҳноза Ашурованинг муаммоси Бош прокуратура ходимлари томонидан зудлик билан ўрганиб чиқиладиган бўлди.
Бош прокуратура ходимлари томонидан жонли мулоқотлар жараёнида ижтимоий-иқтисодий, уй-жой, моддий ёрдам, қурилиш, коммунал ва бошқа иқтисодий соҳалар, тергов ва суриштирув, суд қарорлари, суд қарорлари ижроси, маҳаллий ҳокимият ва ўзини-ўзи бошқариш органлари хатти-ҳаракатлари каби йўналишларда 111 нафар фуқародан мурожаатлар қабул қилинди. 19 нафар фуқаронинг мурожаати жойида қаноатлантирилди, 17 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берилиб, масаласи ҳал этилди, 23 нафарига ҳуқуқий тушунтириш берилди, 52 нафар фуқаронинг мурожаати қўшимча ўрганиш учун қабул қилиниб, назоратга олинди.
Шулар қаторида тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратиш истагини билдирган 8 нафар фуқарога салкам 290 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилишида ёрдам кўрсатилди.
Ички ишлар идоралари масъуллари томонидан 100 нафарга яқин фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, 37 та мурожаат қабул жараёнининг ўзида ижобий ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 53 та мурожаат кўриб чиқилиши назоратга олинди.
Балиқчи туманидан келган Ҳуснида Мирзабекова келин бўлиб тушган хонадонидан тайзиқлар остида ҳайдалаётганини айтди. Маълум бўлишича, қайнотанинг вафотидан сўнг, уйни бўлиб олишда фарзандлар ўртасида зиддиятлар келиб чиққан. Аёл бир неча бор хонадондан ҳайдалган. Шу куни ички ишлар вазирлиги масъуллари туман ҳокимлиги билан яраштирув ишларини амалга ошириш ва аёл учун ҳимоя ордерини бериш юзасидан амалий чора-тадбирларни белгилаб олди.
Адҳам Қодиров илгари суд ҳукмига кўра озодликдан маҳрум қилинган. Оиласи, яқинлари йўқлиги сабаб, ҳозир шаҳарда ижарама-ижара яшаб келмоқда. Лекин судлангани туфайли ижара уйларда муқим жой топа олгани йўқ. Қўлида ҳунари бор бўлган Адҳам Қодиров қабулда мурожаат қилиб, ёрдам сўради. Унинг сўрови Андижон шаҳар ҳокимлиги ва ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ижобий ҳал қилинди. Фуқарога шаҳар марказидги умумий ётоқхонадан муқим турар-жой ҳамда косибчилик учун иш жойи ажратилди.
Оммавий қабуллар давомида ички ишлар вазирлиги томонидан фуқаролик паспортлари ҳам тантанали топширилди. Мисол учун Раънохон Хожаева 1997 йилда Андижонга тақдир тақазоси билан қўшни Қирғизистон Республикасидан оиласи билан кўчиб ўтди. Фарзандли, набирали бўлди. Дон комбинатида хисобчи бўлиб ишлади. Хозирда нафақага чиқди. Унинг бирдан бир орзуси Ўзбекистон Республикси фуқароси бўлиш эди ва шу куни унга ана шундай муқаддас ном берилди.
Мухтасар қилиб айтганда, Андижон вилоятида бўлиб ўтган мулоқотлар давомида 630 нафар фуқаронинг 666 та масаласи кўриб чиқилиб, уларнинг 215 таси жойида қаноатлантирилди, 254 мурожаат тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали ҳал қилинди, 197 та мурожаат эса ижро учун назоратга олинди.